Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Пақилдоқ” савдоси учун ўсмирларнинг ота-онаси жарима тўлайди
16:43 / 2023-12-19

Бухоро вилояти Вобкент туманида пиротехника воситалари савдосининг олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Натижада ўндан ортиқ ҳолатда “пақилдоқ” савдосининг олди олинди.

Туманнинг “Сариосиё” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мафтуна” тўйхонаси олдида турган вояга етмаган Ж.А нинг чўнтагидан 1 қути жами 43 дона “Британик” русумли “пақилдоқ” чиқди. Бу жараёнда вояга етмаган ўсмирнинг онаси Ҳ.Н.га нисбатан маъмурий чора кўриладиган бўлди. 

Шунингдек, “Ғарибшоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 5-сонли умумтаълим мактаби олдида ўсмир боланинг ўзини тутиши ходимларда шубҳа уйғотди. Текшириб кўрилганда вояга етмаган Р.М.нинг ёнида 16 дона пиротехника воситаси борлиги аён бўлди. Холислар иштирокида ҳужжатлаштирилган ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар боланинг ота-онасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жарима жазоси қўлланилди. 

– “Истиқлол” маҳалла маъмурияти билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирда Ҳ.А. гумонланувчи сифатида эътиборга тушгани бежиз эмас экан, –дейди туман ИИБ ходими, профилактика инспектори, катта лейтенант Ў. Машрапов. – Унинг ёнидан ҳам 1 қутида 20 дона “Британик” номли пиротехника воситаси чиқди. Шундан сўнг Ҳ.А.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда туман судига юборилгани ҳолда “пақилдоқ” эгасига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Муҳими, бу каби тезкор тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманида, маҳалла ва қишлоқларида изчил давом этмоқда. Саъй-ҳаракатдан кўзланган мақсад эса байрам шодиёнасини турли нохушлик ва кўнгилхираликлардан холи ўтишини таъминлашдир. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.