Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Панжара ортидаги умидлар маскани
12:19 / 2026-01-14

Кутубхона манзараси ўзгармас: китоб жавонлари ва тартиб билан терилган китоблар. Ягона фарқ унинг манзили ва ўқувчисида. Одатда кутубхона маънавий оламни бойитиш учун хизмат қилади. Аммо панжара ортидаги маҳкум учун у соғинчни юмшатиш, хатоларни мулоҳаза қилиш масканига айланади.

– Иқтисод йўналиши бўйича лицейни тамомлаб, олий таълимда ўқишни давом эттираётган эдим. Биринчи курсни битирганман, – дейди маҳкум Жасур Эшмаматов. - Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман, барчадан кечирим сўрайман.

Эндигина 19 ёшни қаршилаган Жасурбек келгусида иқтисодчи бўлишни орзу қилган. Аммо ёшлик бебошлиги уни сим тўсиқлар ортига етаклади.

Қарши шаҳридаги 2-сонли жазони ижро этиш муассасасида Жасурбек каби ёшлар кўп. Уларнинг хатоларидан хулоса чиқариши учун бу ерда етарлича имкониятлар яратилган. Улар вақтни самарали ўтказиб, ҳунар ўрганмоқда, келгуси ҳаёти учун замин ҳозирламоқда.

– Мен ёғоч ўймакорлигини ўрганяпман, – дейди маҳкум Мафтун Нарзиев. – Озодликка чиққач, бу ҳунаримни давом эттираман. Аввалига қийналдим, кейин усталардан сир-асрорларни ўргандим. Ҳозир мустақил ишлаяпман.

Қиш фаслида иссиқхонадаги яшиллик ҳам ёш маҳкумлар меҳнатининг самараси. Улар ўзларини жазоланаётган эмас, қайта тарбияланаётган инсон сифатида кўрсатиб, соғлом ҳаёт сари интилишмоқда.

– Бу ерда ҳам ўйлаш учун эркинлик бор, – дейди маҳкум Жамшид Назаров. – Қилган хатоларингизни, чиққандан кейин қандай инсон бўлишингизни қайта-қайта муҳокама қиласиз.

Муассасада ўтказилаётган учрашувлар, профилактик тадбирлар ва психологик суҳбатлар орқали ёшларга тўғри йўлни танлаш моҳияти тушунтирилмоқда.

– Ҳозирги кунда колонияда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 569 нафар маҳкум бор, – дейди муассаса тарбиявий ишлар бўйича инспектори Жаҳонгир Холиқулов. – Бу ерда мономарказ фаолият юритади. Замон талабига мос касб-ҳунарлар ўргатилади, ўқишни тугатганларга сертификат берилади. Бу уларнинг озодликка чиққач ҳаётда ўз йўлини топишига хизмат қилади.

Ҳаёт йўллари турли сўқмоқлардан иборат. Қоқилганда хатони англаб, тўғри йўлга қайтиш ҳар кимнинг ўз қўлида. Жазони ижро этиш муассасаларида ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор келгусида жиноятчиликнинг камайишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Ўлмас Баротов,  

ЎзА мухбири