ЎзА лойиҳаси: Маҳкумлар қисмати
Маҳкумлар қисмати – энг оғир қисмат. Чунки, панжаралар ортида доимий назорат остида бўлиш, истаган ишини қила олмаслик, яъни, эрксизлик азобини кўтариш осон эмас.
Зотан, инсон руҳияти, табиати доим эркинликка талпинади. Озодликдан тотли неъмат йўқ, деган калом ҳам бежиз айтилмаган.
Ҳали вояга етиб улгурмаган ўсмирлар онгу шуурида эркинлик тушунчаси қандай бўлади? Албатта, бу ёшдагилар кўкда парвоз қилаётган қушларданда баландроқ учишга шай бўлади.
Фақат бу шижоатни ота-она тўғри томонга йўналтирсагина, бола яхши инсон бўлиб вояга етади. Аксинча бўлса, улар турли нобоп йўллар орқали панжара ортига бориб қолиши ҳеч гап эмас.
Зангиота туманидаги 24-сонли тарбия колониясида ҳали катта ҳаётга қадам қўймай туриб адашган, турли жиноят йўлига кириб қолган ўсмирлар сақланади.
Бир хил кийинган, сочлари қириб олинган, айбдорлик ҳисси билан боши эгилган болаларни кўриб юрагинг ачишади. Бўйлари баланд, қошлари қора, кўзлари маъюс болаларга қараб, уларнинг ота-оналарини беихтиёр қоралайсан. Энг буюк, бебаҳо неъматларини улар нега ёмон йўллардан асрамади, деган савол қийнайди, кишини.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2025 йилда судлар томонидан 80 мингга яқин шахсга нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилган. Шундан 24 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этган бўлса, 2,5 минг нафарга яқини ўсмирлардир.
Улар асосан ўғил болалар бўлиб, кўпчилиги наркожиноятларга ўралашиб қолган. Айримлари ўғрилик, фирибгарлик қилган. Қотилликка қўл урганлари ҳам йўқ эмас.
Суҳбатдошимиз – Мусо. У 2008 йилда Ургутда туғилган. Болакай туғилганидан сал ўтиб, ота-онаси хорижга ишга кетган. У эса бобосининг қўлида қолган. Тўрт ёшга кирганида уни ота-онаси Россияга олиб кетган. Кейинчалик 9-синфга ўтганида эса болани яна Ўзбекистонга, тоғасиникига жўнатишади. Ўсмир ота-она назорати бўлмагани учун ўзини эркин ҳис қилиб, турли кўчаларга кириб кўради. У ўзбек тилини яхши билмаслиги сабабли одамлар билан мулоқот қилишга қийналар, умуман, бошқа шароит ва муҳит болани гангитиб қўйган эди.
У уйдан чиқиб кетиб, гоҳ Самарқанд, гоҳ Жиззах шаҳрида яшайди, турли юмушларни бажаради, ўзига шерик топиб, таркибида наркотик моддалар бўлган дориларни қабул қилишни ўрганади. Шу тариқа у яқинлари, ота-онаси билан алоқани узиб юборади.
– Кейинчалик Тошкент шаҳрига келиб, ресторанга ишга кирдим, – дейди Мусо. – Ишим яхши бўлиб кетди, аммо аниқ мақсадим, яқин кишиларим йўқлигидан зерикиб, изтироб чекардим. Бир куни менга “салом, яхши иш бор” деган хабар келди. Нима ишлигини суриштирганимда, “ҳафтасига 800-1000 доллар берамиз, фақат наркотик моддалар солинган “закладка” (елим халтачаларга солинган наркотик модда)ларни айтилган жойларга қўйиб кетасан”, дейишди. Аввалига сал иккиландим, кейин рози бўлдим. Кўп вақтим бўлишини, пулим кўп бўлишини ўйладим. Ўртоғим иккаламиз шу ишни қилиш билан бирга ўзимиз ҳам наркотик модда қабул қилар эдик. Бир куни гиёҳвандлик воситасини қабул қилдик ва “закладка”ларни жойлаштириш учун мен таксида йўлга чиқдим. Айтилган жойга “закладка”ни қўйиб, йўлимда давом этаётганимда ички ишлар ходимларини кўриб қолдим ва қўрқиб кетганим учун қочдим. Улар мени қувиб, тутиб олди ва бўлимга олиб кетди. Телефондаги ёзишмаларимни кўришди. “Закладка”ларни қўйган жойимдан топиб бердим. Иш судга ошди ва менга 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қилган ишимнинг қанчалик ёмонлигини, ўзим каби қанча ёшларни заҳарлаганимни қамалганимдан кейин тушуниб етдим.
Жазо олиб бўлганидан кейингина Мусонинг кўзлари очилди. Наркотик моддалар орқали қанча кишиларнинг ҳаётини заҳарлаганини ўйлаб изтироб чекди. Бироз вақт ўтиб, колониядаги шароитга ўрганди, тарбиявий ишлар натижасида кейинги ҳаётини тўғри изга солиши, ўқиши, касб эгаллаши мумкинлигини тушуниб, ўзини ўнглаб олди. Ҳозир тинимсиз китоб ўқийди. Аслида ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди, деган ўй уни қийнайди. Ота-она меҳрини қўмсайди.
– Нафақат гиёҳвандлик, балки ҳар қандай жиноятга қўл уриш яхши оқибатга олиб келмайди. Чунки, жиноят қилиб, ушланмай қолаётган одам йўқ, барибир жазосини олади. Қонуний жазо ўз йўлига, аммо нотўғри қилмиш туфайли одам ўзини ўзи жазолаган бўлади, фикримча. Яқинларингни кўра олмайсан. Агар улар ўтиб қолса, қамоқдаги одам уларни кўмишга ҳам бора олмайди, – дейди у.
Фикрлари теран бу ўсмирнинг ҳаёти бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Афсуски, у ота-онасининг эътиборсизлиги қурбони бўлди.
Орамизда фарзандларини яқинларига қолдириб, бошқа мамлакатларга кетаётган ота-оналар ҳам учраб туради. Аммо ҳеч ким ота-онанинг ўрнини боса олмаслигини, бир зум назоратсиз қолган бола нотўғри йўлларга кириб кетишини, бунинг оқибати эса қимматга тушишини вақтида англаш керак.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ljhtQe9EvOA" title="Panjara ortidagi o‘smir yigitlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Нишон Абдувоитов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА