Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пандемия шароитида иқтисодий низоларнинг тақдири қандай ҳал этилади?
12:44 / 2020-05-18

Барчамизга маълумки, бугун дунё мамлакатларининг кундалик ташвишига айланган пандемия ва унинг салбий оқибатлари иқтисодиёт тармоқларига ҳамда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг нормал фаолиятига сезиларли таҳдид солмоқда.


Барчамизга маълумки, бугун дунё мамлакатларининг кундалик ташвишига айланган пандемия ва унинг салбий оқибатлари иқтисодиёт тармоқларига ҳамда тижорат фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларининг нормал фаолиятига сезиларли таҳдид солмоқда. Мавжуд вазиятда кўплаб иқтисодий битим иштирокчиларининг шартномавий мажбуриятларини бажариш, шартнома интизомига амал қилиш билан боғлиқ бўлган бурчларини адо этишда жиддий объектив ва субъектив тўсиқлар юзага келмоқда. 

Натижада иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий битим мажбуриятлари жабҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимида даъволар ҳажми ортмоқда. Таъкидлаш жоизки, пандемия муносабати билан жорий этилган карантин тадбирлари нафақат мамлакатимиздаги иқтисодий муносабат иштирокчиларининг, балки халқаро тижорат муносабатлари субъектларининг ҳам шартномавий мажбуриятлар тизимига дахл солди. Таъкидлаш жоизки, юртимиз иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи корхона, ташкилот, муассасалар шунингдек, кўплаб тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги шартномавий низоларига ўз вақтида тўғри ва аниқ ҳуқуқий баҳо беришда иқтисодий судларнинг фаолияти муҳим саналади. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми томонидан 2020 йил 28 апрелда “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги юқорида қайд этилган масалаларга ойдинлик киритди. 

Биргина шартнома мажбуриятларини енгиб бўлмас куч таъсирида бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликда ифодаланган шартнома тарафларининг ҳаракат (ҳаракатсиз)ликларига судлар томонидан баҳо бериш масаласига аниқлик киритилди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, “А” фирма билан “Б” фирма ўртасида маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилди. Шартнома шартларига мувофиқ, “А” фирма жорий йилнинг 8 май санасига қадар 150 дона дастурий таъминот қурилмасини “Б” фирмага шартномада кўзда тутилган жойга етказиб бериши лозим эди. Бироқ мамлакатимизда жорий этилган фавқулодда карантин чекловлари натижасида “А” фирмада ўзининг шартномада шартлашилган мажбуриятларини бажариш имкони бўлмади. Ана шундай шароитда “Б” фирма иқтисодий судга даъво талаблари билан мурожаат қилиб, шартномани бекор қилиш ҳамда "неустойка" ундириш талаби билан чиқса, башарти бу мажбуриятларни адо этмаслик карантин тадбирлари муносабати билан юзага келганлиги маълум бўлган ҳолларда иқтисодий суд талабни қаноатлантиришни рад этади.

Пандемия даврида иқтисодий судлар томонидан ишларни кўриш масаласига тўхталадиган бўлсак, бу вазиятда Иқтисодий процессуал кодекснинг 101-моддасида келтирилган вазиятлардагина судлар иш юритишни тўхтатиб туришлари шартдир. Бироқ мазкур моддада иқтисодий ишни айнан пандемия ёки эпидемиологик вазият муносабати билан тўхтатиб туриш масаласида бирор банд мавжуд эмас. Бу эса процессуал қонунчиликда иш юритишни тўхтатиб туриш асосларини тугал келтирилганлигини англатади. Шунга кўра, судлар томонидан Олий суд пленумининг 2020 йил 28 апрелдаги 8-сонли Қарорининг 7,8-бандларини инобатга олган ҳолда, иш юритиш карантин жорий этилиши муносабати билан тўхтатилмайди. Улар ўз вақтида, карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқилаверади. 

Бироқ Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, карантин чекловлари жорий йил 8 майидан бошлаб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич бекор қилиб борилиши белгиланганлиги муносабати билан, 2020 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг “Олий суд Раёсатининг “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида” 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Шунга мувофиқ “қизил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилади ҳамда фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилади. “Яшил” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқаролар қабулига рухсат берилади. Башарти, судлар томонидан бундай чоралар кўришнинг ҳамда процесс иштирокчилари иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, иш кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади. Албатта бу тартиб кечиктириб бўлмас, буйруқ тартибидаги, соддалаштирилган тартибдаги ишларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Маълумки, иқтисодий судлар томонидан пандемия ҳолати юзага келгунга қадар чет элдан хорижий валюта тушуми тушишини кечиктиришга йўл қўйган импортёр ва экспортёрларга нисбатан молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги аризалар кўриб чиқилган. Эндиликда мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда карантин тадбирлари жорий этилган кундан бошлаб, то жорий йилнинг 1 октябргача бўлган давр оралиғида бундай кечикишга йўл қўйган импортёр ва экспортёрларга нисбатан қўзғатилган даъволар судлар томонидан ИПКнинг 154-моддаси биринчи қисмининг биринчи бандига мос ҳолда иш юритувга қабул қилиш рад этилади. 

Агарда судлар томонидан бу турдаги аризалар иш юритувга қабул қилинган бўлса, бундай аризалар юзасидан иш юритиш ИПКнинг 110-моддаси 1-бандига мувофиқ, кўриб чиқилиши тугатилади. Мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи субъектларни пандемия талафотлари даврида тутиб туриш, уларни молиявий барқарорлигини ҳамда нормал фаолиятини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2020 йил 3 апрелдаги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2020 йилнинг 31 декабрга қадар бир қатор товарларга нисбатан божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланди. Шунга кўра, иқтисодий судлар фаолиятида божхона имтиёзларини қўллаш масаласида низолар юзага келганда, Фармон билан тасдиқланган иловада келтирилган йигирмага яқин катта гуруҳни ташкил қилувчи товарларни республикамиз ҳудудига олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкаларини қўллаш мумкинлиги назарда тутилди.

Давлат солиқ органлари томонидан иқтисодий судларга солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш билан боғлиқ низолар эса, солиқ тўловчи (жавобгар)ни юқорида таъкидланган фармоннинг 4-бандининг “а” кичик бандидаги субъектлар ( туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, "Uzbekistan Airways" АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, "Uzbekistan Airports" АЖ ва "Ўзаэронавигация маркази" ДУК) доирасига кириш ёки кирмаслигидан келиб чиқиб, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади. Иқтисодий судлар томонидан карантин даврида алоҳида тоифадаги ишларни кўриш масаласига тўхталадиган бўлсак, биргина банкротлик тўғрисидаги ишлар карантин чекловлари туфайли юридик шахснинг ночорлиги юзага келса, бу билан боғлиқ низолар 2020 йилнинг 1 октябрга қадар ИПК 154-моддаси биринчи қисм 1-банди билан иш юритувга қабул қилиниши рад этилади. Агар ариза иш юритувга қабул қилинган бўлса, 8-сонли пленум қарорининг талабларига ҳамда ИПКнинг 110-моддаси 1-бандига таяниб иш юритиш тугатилади.

Ижара муносабатлари юзасидан даъволар вужудга келган ҳолларда, қарздорлик юзага келган давр инобатга олиниб, тадбиркорнинг фаолияти карантин муносабати билан тўхтаган бўлса, уларга нисбатан 2020 йилнинг 24 мартидан то карантин бекор бўлгунга қадар ижара тўловлари ҳисобланмайди. Умуман олганда юқорида қайд этилган тезкор чора-тадбирларга нисбатан тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжи мавжуд эди. Шу муносабат билан давлатимиз томонидан ўз вақтида амалга оширилган тадбирлар келгусида ўзини оқлайди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳам иқтисодий инфратузилма ривожига улкан ҳисса қўшади.

Юқорида таъкидлаб ўтилган барча фикрларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, бугун дунёда шиддат билан алангалаб бораётган пандемия талафотлари барча давлатлар судлов тизими қаторида, мамлакатимиз судлар тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказмоқда. Мавжуд шароит судларни бутунлай янгича ишлашга ва янгича фикрлашга йўналтирган ҳолда, фаолиятни оптималлаштиришни тақозо этмоқда. Бу борада миллий судлов тизимимиздаги айрим инновацион камчиликларни инобатга олмаганда бугун иқтисодий судлар томонидан соҳадаги қонунийликни, ҳуқуқ тартиботни таъминлаш борасида олиб борилган ишлар таҳсинга сазовордир. Ўйлаймизки, мамлакатимизнинг миллий судлов тизими бундан кейин ҳам янада тараққий этиб боради. Зеро, иқтисодий қонунчилик тизими мустаҳкам кафолатланмаган давлат, дунё иқтисодий майдонини ўзига жалб эта олмайди!

Шоҳрух Мингбоев,
ТДЮУ талабаси