Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пандемиядан сўнг иқтисодиётимиз қандай бўлади? (+Мутахассис тавсиялари)
08:11 / 2020-04-21

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон иқтисодиёти қандай йўқотишларга учрайди? Иқтисодий тангликдан қандай чиқамиз?


Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон иқтисодиёти қандай йўқотишларга учрайди? Иқтисодий тангликдан қандай чиқамиз? 

Бу каби саволларга Тошкент молия институти декани, иқтисод фанлари доктори Фарҳод Муҳамедов жавоб бериб, юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий тангликдан чиқиш бўйича ўз тавсияларини ҳам айтди.

– Коронавирус нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё иқтисодиётини ҳаракатсиз ҳолатга келтирди. Бундан иқтисодиётнинг аксарият соҳа ва тармоқлари зарар кўрмоқда. Шу пайтгача мамлакатимиз аҳолисининг жуда катта қисми иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлгани ва кунлик даромад орқали ҳаёт кечиргани ҳам вазиятни янада мураккаблаштиради.

Хориждаги мигрантлардан пул оқими сезиларли камайиши ҳам иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади, тўлов балансида номувофиқлик кузатилади, бунда аҳоли истеъмолининг қисқариши ҳамда уй-жой ва маиший муаммоларнинг ҳал этилиши қийинлашади.

Пандемиядан кейин иқтисодиёт ривожланиш суръатлари деярли йўқолган, турғун ҳолатда бўлади. Шу боисдан мамлакатимизда пандемиянинг салбий оқибатларига қарши тезкор чоралар кўрилмоқда, солиқ ва кредит таътиллари берилмоқда.

Салбий оқибатларни камайтириш мақсадида иқтисодиётда ички резервларни тўлалигича ишга солиш ва тезкор чоралар кўриш муҳим ҳисобланади. 

Бунинг учун, бизнингча, қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

Аҳолимизнинг аксарият қисми ислом динига эътиқод қилиши, фоизни исломий тамойилларга зид, деб билгани учун банклардан кредит олмайдиган ва депозит қўймайдиган маълум бир капиталга эга сегментнинг мавжудлигини инобатга олиб, исломий молияни ривожлантириш, хориждан соҳани биладиган мутахассисларни жалб қилиш, исломий банклар филиалларини очиш ва банкларимизнинг маълум бир қисмини ихтисослаштириш орқали ички захираларни иқтисодиётга жалб қилиш имкониятини яратиш мумкин.

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш устувор вазифа қилиб белгиланган бугунги вазиятда, қанчалик қийин бўлмасин, дастлаб “Истеъмол саватчаси” таркибига кирадиган маҳсулотларни аниқлаш (википедияда энг содда вариантда 11 хил маҳсулот кўрсатилган) ва унга тенг келадиган қийматни энг кам иш ҳақи ва солиққа тортилмайдиган база сифатида белгилаш, бу орқали аҳолининг харид қобилияти кескин тушиб кетишининг олдини олиш.

Мулк дахлсизлигини тўлиқ таъминлашга эришиш, аҳоли жамғармаларининг инвестицияларга трансформациясини таъминлашда барча даражадаги давлат идораларда капитал манбасини суриштирмаслик, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, бошқа иқтисодчилар томонидан таъкидланганидек, капитал амнистиясини амалга ошириш орқали хориждан (хорижий тажрибаларда оффшор ҳудудлардан ҳам) маълум бир капитални қайтаришга эришиш.

Барча тадбиркорлик субъектлари учун бир хил шароит яратиш, турли имтиёзлардан воз кечиш (тадбиркорларни юқори солиқ ставкаларидан ҳам кўра рақобатчисининг имтиёзли мавқеи кўпроқ қийнайди).

Қишлоқ хўжалигида айрим ҳудудларда пахтадан кўра даромади юқори ва ҳудуд хусусиятига мос бўлган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини экишга ерларни бериш амалиётини давом эттириш ҳамда томорқалардан максимал фойдаланиш орқали аҳолининг озиқ-овқат захирасини шакллантириш ва хавфсизлигини таъминлашга эришиш.

Пандемия давридаги вазиятдан имконият сифатида фойдаланиб, давлатнинг барча даражадаги идораларида рақамли воситаларни ривожлантириш, маълумотлар айланишини тўлиқ электронлаштириш, ҳар қандай қоғозли ҳужжат айланмасини йўқотиш ёки минималлаштириш.
Миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш. Жуда кўп халқаро ташкилотларнинг маълумотлар базасида узоқ йиллар давомида Ўзбекистон деган банд “-”, “abs”, яъни маълумот мавжуд эмас ҳолатида бўлган, бундан буёғига ички ва ташқи маълумотлар базаларига маълумотларнинг тақдим этилиши ва кўрсаткичлар шаффофлигини ошириш, бунда хорижий инвесторларга мамлакатимизда мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш ва инвестиция стратегиясини белгилаш имкониятини бериш лозим (Жуда кўп тадқиқотларни амалга оширишда, маълум бир кўрсаткичлар таҳлилида хорижий давлатлар статистикасини топиш мумкин, аммо мамлакатимизга тааллуқли кўрсаткичларни олиш муаммосига кўпчилик дуч келганлиги ҳеч кимга сир эмас). Хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилишда макроиқтисодий барқарорликдан ташқари мулк дахлсизлиги, мустақил ва адолатли суд тизимининг мавжудлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. 

Пандемия ва ундан кейинги даврда кўпчилик иш ўрнини йўқотади ва ишсизлик ошади. Аҳолини иш билан таъминлашда молиявий саводхонликни ошириш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уй хўжалиги субъектларининг ўрта ва йирик бизнес билан кооперациясини таъминлаш, касбга ўқитиш ҳар доимгиданда долзарб аҳамият касб этади. 

Айни вақтда онлайн таълим беришга ҳар қачонгиданда кўпроқ эҳтиёж сезилди. Олий таълим муассасаларида кейинги йилларда қабул квоталарини ошириш, бунда нафақат кундузги, сиртқи ва кечки, балки масофавий таълим олишга ҳам эътибор бериш, унинг қонуний асосларини яратишга бугундан киришиш лозим бўлади. 

Пандемиядан сўнг ҳаёт ҳам, иқтисодиёт ҳам бошқача бўлади. Бунда ўз фаолиятини рақамли иқтисодиёт воситаларидан фойдаланиб, онлайн хизматлар кўрсатишга ихтисослашган бизнес субъектлари ўз яшовчанлиги ва мослашувчанлигини намоён этади. Шунинг учун рақамли технологияларни ўз фаолиятида қўллашни барча анъанавий бизнес субъектлари максимал даражада ўзлаштириши ва бугундан қўллашни бошлаши, кўникма ҳосил қилиши керак бўлади. 

Пандемия шароитида мамлакатимизда саховатпеша, бировнинг корига ярайдиган, қийин кунларда ёрдамга шошадиган, ижтимоий масъулиятга эга аҳоли вакиллари ва бизнес субъектлари борлигини кўряпмиз. Пандемиядан сўнг давлатнинг ўзи барча қийналган аҳоли вакилларига доимий ёрдам кўрсатиши имконсизлигини ҳисобга олиб, хайрия мақсадларида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар, ҳаракатлар ва фондлар фаолияти давом этиши, янгилари ташкил этилиши ва ривожланиши зарур. Бу жараёнда волонтёрлик ҳаракатининг янги тўлқини вужудга келади.

Ҳозирги пандемия шароитида атрофимиздаги савдо ҳамкорларимиздаги ҳолат таъсирида АҚШ доллари курси ҳам ўсиб бораётгани, мамлакатимизда нарх-наволарнинг кўтарилишига, банкларнинг сўмдаги депозит базаларидан пул маблағлари қочишига, инфляцион таргетлаш сиёсатининг самарали амалга оширилмаслигига сабабчи бўлиши ва вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Шунинг учун пандемияга қарши тезкор чора-тадбирларни ўз вақтида бошлаш ва самарали амалга ошириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. 

ЎзА мухбири 
Барно МЕЛИҚУЛОВА
ёзиб олди