Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пандемия шароитида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида тавсиялар берилди
17:48 / 2020-06-18

Федерация тизими ходимлари ташаббуси билан уларнинг бир кунлик иш ҳақи «Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди»га ўтказилди...


18 июнь куни МДҲга аъзо мамлакатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо мамлакатлар истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қўмитаси маслаҳат кенгашининг қўшма мажлиси видеоконференция тарзида бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов МДҲга аъзо мамлакатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши раиси, Россия Федерациясининг Роспотребнадзор ташкилоти раҳбари А.Ю. Попованинг таклифига биноан иштирок этди.

Мажлисда коронавирус инфекцияси тарқалиши шароитида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ЕОИИга аъзо мамлакатлар учун истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида тавсиялар тайёрлаш сингари масалалар муҳокама қилинди.

Роспотребнадзорнинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги федерал давлат назорати бошқармаси бошлиғи Олег Прусаков ўз маърузасида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жамоасига Биринчи Европа ва Осиё истеъмолчилар форумини ташкил этиб ўтказгани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда уни якунида қабул қилинган Якуний декларацияга юқори баҳо берди.

Муҳокама қилинаётган масалалар бўйича МДҲга аъзо мамлакатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши ва ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қўмитаси маслаҳат кенгаши аъзоларининг маърузалари тингланди ҳамда муҳокама қилинган масалалар бўйича баённома қарорлари қабул қилинди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси COVID-19 тарқалиши олдини олиш йўлида профилактика тадбирларини амалга ошириш учун ялпи карантин эълон қилган дастлабки кунлардан бошлаб истеъмолчилар ва аҳоли эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш ишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Айни мақсадда ички истеъмол бозорида озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари нархлари асоссиз равишда ошиб кетиши олдини олишда ваколатли давлат органларига кўмаклашиш учун жойларда «Жамоатчилик назорати» иш гуруҳлари ташкил этилди. Унга федерациянинг 600 нафар тажрибали мутахассиси жалб қилинди. Бозор ва савдо шохобчаларидаги нарх-навога оид кунлик маълумотлар умумлаштирилган ҳолда махсус комиссияга тақдим этилмоқда.

Шунингдек, федерациянинг «Меҳр улашамиз» акцияси доирасида аҳолига 300 минг дона тиббиёт ниқоб, 7000 дона антисептик восита, ижтимоий ҳимояга муҳтож 674 оилага эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Федерация тизими ходимлари ташаббуси билан уларнинг бир кунлик иш ҳақи «Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди»га ўтказилди.

Бу каби хайрия ишлари давом этмоқда. Куни кеча федерациянинг ҳудудий тузилмалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан бирга жойлардаги хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига 200 қоп ун етказиб берди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси МДҲ мамлакатларидаги истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган жамоат бирлашмалари орасида Халқаро истеъмолчилар ташкилотига (Consumers International) тўлақонли аъзо бўлган ягона ташкилотдир.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
ахборот бўлими