Дунёда кечаётган мураккаб жараёнларга, ҳалигача давом этаётган пандемия билан боғлиқ оғир вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлидан собитқадамлик билан бормоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ва ҳаётбахш ислоҳотлар халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Пандемия ҳукм сурган 2020 йилда прокуратура органлари томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
Энг аввало, бундай вазиятда барча масъул идоралар қатори Бош прокуротура зиммасига юклатилган аҳолини озиқ - овқат маҳсулотлари ва дори - дармон билан узлуксиз таъминлаш, нарх - наво барқарорлигини сақлаш бўйича тизимли чоралар кўрилди.
Мазкур тадбирларга барча куч ва воситаларимизни жалб қилиб, озиқ - овқат маҳсулотларини «Даладан-дастурхонга» тамойили асосида аҳолига етказиш тизимини йўлга қўйилди.
Барча деҳқон бозорлари қошида махсус савдо расталари ва ярмаркалари, чекка ва олис ҳудудларда кўчма савдо нуқталари ташкил қилинди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини захирага жамғаришнинг бозор тамойилларига асосланган мутлақо янги тизими жорий этилгани ҳам истеъмол бозорида барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.
Кўплаб, ҳатто, ривожланган мамлакатларда маҳсулот тақчиллиги, талаб ва нарх - навонинг кескин ошиши кузатилган бир пайтда, кўрилган чоралар натижасида юртимизда барқарор вазият таъминланди.
Бухоро вилоятида ҳамда «Сардоба» сув омборида юз берган офатлар туфайли халқимиз бошига тушган синовли кунларда ходимларимиз фожиа оқибатларини бартараф этиш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатишди.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, муҳтож оилаларни қўллаб - қувватлаш ва уларни камбағалликдан чиқаришга алоҳида масъулият билан ёндашилди. Прокурор секторларида яшовчи 200 мингга яқин муҳтож оилаларга ҳар томонлама кўмак берилди, 160 мингга яқин фуқаролар ишга жойлаштирилди.Натижада, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг қарийб 126 мингтаси ёки 84 фоизи маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди.
Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш масалалари доимий эътиборда бўлди.
Оғир вазиятга тушиб қолган 1 231 нафар аёлларга уй - жой ажратилишида, қарийб 100 минг нафарининг ишга жойлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Биргина мисол, Термиз шаҳрида 10 нафар ногирон аёллардан иборат тикув корхонасини ташкил қилган «Гулбаҳор Нурли Келажак» жамияти фаолияти бино ва маблағ етишмовчилиги боис 1,5 йил давомида тўхтаган.
Ушбу муаммолар прокуратура кўмаги билан қисқа муддатда ҳал этилди. Натижада, корхона фаолияти тикланиб, яна қўшимча 20 та янги иш ўрни яратилди ҳамда уларга ҳам ногиронлиги бўлган аёллар жойлаштирилди.
Бу борадаги ишларимиз «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» каби янги механизмлар асосида ташкил қилиниб, жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Иқтисодий соҳадаги назорат фаолиятимизда асосий эътибор тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишда юзага келган муаммоларни ҳал қилиш масалаларига қаратилди.
Ҳусусун, 5 200 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 23 мингдан зиёд тадбиркорга, жумладан 2 300 дан ортиқ экспортёрга муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашилди.
Мисол учун, Тошкент вилоятида эронлик тадбиркорнинг 10,5 млн. долларлик тўғридан-тўғри инвестицияси ҳамда 7,2 млн. долларлик маҳаллий кредит асосида ташкил этилган, кафель ишлаб чиқарувчи «Эхсон майбод манфактуринг гроуп» корхонаси кредит ва коммуникация тармоқлари билан боғлиқ муаммолар туфайли тўхтаб қолган ва 150 нафар ишчиси мажбурий таътилга чиқариб юборилган.
Прокуратура аралашуви билан қисқа фурсатда корхонанинг кредит қарзини тўлаш муддати 2 йилга узайтирилди, электр, газ таъминоти ва кадастр идоралари билан боғлиқ ва бошқа муаммолари ҳал этилди. Натижада қарийб бир йилдан буён тўхтаб қолган корхона фаолияти тўлиқ тикланди. Фаолиятимиздан бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.