Пандемия даврида таълим ва рақамли фуқаролик нотўғри маълумот тарқатилишига қарши курашади
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташаббуси билан мазкур тадбирда мамлакатимиз номидан бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
ЮНЕСКОнинг Олма-Ота шаҳридаги ваколатхонаси томонидан «COVID-19 пандемияси даврида нотўғри маълумот тарқатиш ва нафратнинг кучайиши: Таълим ва рақамли фуқаролик қандай ёрдам бера олади?” мавзуидаги тўртинчи вебинар ташкил этилди.
Вебинарнинг асосий мақсади пандемия инқирози вазиятида нотўғри маълумот тарқатиш натижасида вужудга келадиган масалаларни таҳлил қилиш ва имкон қадар муаммоларга ечим топиш, шунингдек, ёшларда глобал фуқаролик таълими орқали онлайн муҳитга нисбатан ижобий муносабат шакллантиришга ёрдам беришдан иборат бўлди.
ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташаббуси билан мазкур тадбирда мамлакатимиз номидан бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Онлайн-анжуманнинг асосий маърузачиси - Латвия пойтахти Рига шаҳридаги Стокгольм иқтисодиёт мактаби медиа саводхонлиги мутахассиси Санита Эмберга хоним пандемия даврида онлайн нотўғри маълумот тарқатиш ва нафратнинг кучайиши ҳамда таълим ва рақамли фуқаролик бундай ҳолатда қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги борасида чиқиш қилди.
Мулоқот давомида иштирокчилар - таълим вазирликлари ходимлари, турли тизимларнинг фуқаролик таълими мутахассислари, хусусан, камситишга қарши, бағри кенглик ва инсон ҳуқуқлари масалаллари, медиа ва ахборот саводхонлиги ва таълимда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳаси мутахассислари ҳамда хусусий сектор вакиллари тегишли фикр-мулоҳаза, таклиф ва тавсияларини билдиришди.
Ортиқча расмиятчиликдан холи, эркин фикр юритиш, савол-жавобга киришиш тарзида кечган вебинар турли давлатларда фаолият олиб бораётган мутахассислар учун ўзига хос тажриба алмашиш имконини яратди.
Марказий Осиё ва бошқа давлатларда таълим соҳасида COVID-19 эпидемиясига қарши кўрилаётган чораларга бағишлаб ЮНЕСКО шафелигида ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки, шунингдек қатор давлатлар билан ҳамкорликда турли мавзуларда ташкил этилаётган туркум вебинарлар жорий йилнинг май ойида йўлга қўйилди. Ҳозиргача «Ҳамма жойда ўқув муассасалари ёпилган шароитда мактаблар фаолиятини хавфсиз тиклаш», «Масофавий таълимда онлайн-баҳолаш: методология ва техник ечимлар», “ўқув йилининг якуний имтиҳонларини муқобил услублар ёрдамида баҳолаш” сингари долзарб мавзулар ҳамкорликда муҳокама қилинди.
Марказий Осиё давлатларида таълим муассасалари фаолиятини тиклашга тайёргарлик кўриш ва ушбу жараённи режалаштиришнинг самарали стратегиясига доир мулоқотлар уюштириш, тажриба алмашиш, умумий муаммоларни аниқлаш, олдиндан кўра билиш, уларни бартараф этиш йўлларини топиш, БМТ тузилмалари - ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги тавсиялари тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Туркум вебинарлар ҳали давом этади.