Пахтани қабул қилишда шаффофлик бўладими?
Хусусан, пахта хомашёсини қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун «Электрон тарози» ахборот тизими ишга тушади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш» юзасидан ўтказган матбуот анжуманида бу борадаги ишлар алоҳида қайд этилди.
Хусусан, пахта хомашёсини қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун «Электрон тарози» ахборот тизими ишга тушади.
– 2020 йил йиғим-терим мавсумида пахта хомашёсини қабул қилиш жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларидан ва электрон тарозилардан фойдаланган ҳолда «Ўзпахта» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳисоб-китобларни юритиш ва шаффофликни таъминлаш эътиборда, –дейди Аграр тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Отажон Тошпўлатов. – Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларининг пахта хомашёсини қабул қилиш масканларини «Ўзпахта» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланиши таъминланмоқда. Бу эса ҳар бир килограмм пахтани сифати ва ҳолатини тўлиқ назорат қилишда қўл келади.
Анжуман давомида маълум бўлишича, пахта ҳосили ҳудудлар иқлим шароитига қараб йиғиб олинади. Мисол учун, Фарғона вилоятида 10 сентябрдан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида 15 сентябрдан, Самарқандда 25 сентябрдан терим бошланади.
Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши,, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари, Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой, Нукус туманларида пахта хомашёси йиғим-теримига теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун Ўзбекистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланади.