English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади
13:26 / 2020-05-20

Ўзбекистон иқтисодиётида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати салмоқли ўрин эгаллайди.

Муносабат

Ўзбекистонда мавжуд табиий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни қайта ишлаш орқали миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, юқори қўшилган қиймат ҳосил қилиш занжирини шакллантириш, саноатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу саноатнинг етакчи тармоқларидан бири – тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришда ҳам ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати салмоқли ўрин эгаллайди. Бугунги кунда республикамиз ҳудудида тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 7 минг 500 га яқин хўжалик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Шундан 825 таси тўқимачилик, 6750 таси тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқаради.

Экспорт фаолиятига жалб этилган корхоналар сони 950 дан ошади, ташқи бозорлар ҳам кўпаймоқда. 2020 йилда мамлакатимизда етиштириладиган пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш қувватига эришиш мўлжалланмоқда. 2018 йилда 448,9 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 754,3 минг тоннага етказиш мақсад қилинган.

Шу ўринда соҳани тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари таҳлилига эътибор қаратсак. Бу жараёнга Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан дастлабки қадамлар қўйилган эди. Фармон билан Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгиланиб, 2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури қабул қилинди. Дастурда асосий эътибор 2017-2019 йилларда пахта толаси ва ипак хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида ташқи бозорларда талабгор бўладиган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилди.

Кейинги босқичда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 12 февраль ва 16 сентябрдаги қарорлари асосида тармоқни тизимли ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар бажарилди.

2019 йилда қайта ишлаш секторида яратилган жами қўшилган қийматда тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш улуши 13,4 фоизга тўғри келди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 17,7 фоизни, 2018 йилда 15,3 фоизни ташкил этган эди.

Рақамлардан кўриниб турибдики, ушбу соҳанинг ялпи қўшилган қиймат ҳосил қилишдаги салмоғи пасаймоқда. Бу тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаси ўсиш суръатлари жами саноат ишлаб чиқариш ўсиш суръатларидан бирмунча орқада қолаётганини билдиради.

Маълумки, барча мамлакатлар иқтисодиётида коронавирус пендемияси салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келмоқда. Халқаро экспертларнинг хулосаларига кўра, бу инқироз оқибатларини ҳали етарлича баҳолаб бўлмайди, чунки бугунги жараёнлар янги мураккаб вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Бу вазият бошқа кўплаб тармоқлар сингари мамлакатимизнинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириши истиқболларига ҳам хавф солиш эҳтимоли йўқ эмас.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Президентимизнинг 2020 йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида коронавирус пандемияси билан боғлиқ жаҳон иқтисодий инқирозининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги салбий таъсирини юмшатиш бўйича шошилинч чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади, импорт қилинадиган хомашё ва материаллар эса 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинади. Бундан ташқари, 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.

Ҳужжатда қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг мазкур тартиби билан белгиланган соддалаштирилган тартиби тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига улар томонидан охирги 12 ой давомида товарлар экспорти амалга оширилган, шунингдек, экспорт қилинган товарлар бўйича 10 минг АҚШ долларидан кўп миқдорда муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда татбиқ этилиши кўрсатилган.

Фармонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг хомашёлари, материаллари, тайёр маҳсулотлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ходимларини ташиш ва логистика масалаларини тезкор ҳал этиш, ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари таннархини пасайтириш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, янги истиқболли ташқи бозорларни излаш, маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш, либослар дизайни ва коллекцияларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни тармоқ корхоналарига жорий қилиш каби йўналишларда саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш белгилаб берилди. 

2020 йил 1 сентябргача жаҳон брендларини жалб қилган ҳолда ташқи бозорларда талаб катта бўлган юқори қўшилган қийматга эга тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, уларни йирик ҳудудий тўқимачилик-тикувчилик кластерлари ҳудудида жойлаштириш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, янги тикувчилик-тўқимачилик ишлаб чиқариши бирликларининг ҳар бирида камида мингта иш ўрнини ташкил этиш имконияти яратилиши керак.

Бу, ўз ўрнида, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади.

Фармон билан тармоқни жадал ривожлантириш мақсадида институционал тартиб-таомиллар ўзгартирилмоқда. Жумладан, 2020-2025 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари маблағлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати учун очилган тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтлари қарз маблағлари ва хорижий банклар кредит линиялари ҳисобига молиялаштирилади. Шунингдек, давлатимиз божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил бошидан 2021-2023 йилларда олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун йиғим миқдори белгилаб қўйилди.

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини ички бозорда қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилда давлат улардан Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва ФВВ муассасалари, касалхоналар, болалар боғчалари, қариялар уйлари учун ҳамда давлат захираси номенклатураси бўйича тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари комплектларини сотиб олади.

Миллий саноатнинг тармоқлари технологик укладларининг даражаси, ресурсталаблик даражаси, уларнинг ҳудудларда жойлашуви хусусиятлари, саноат корхонасини ташкил этиш шарт-шароитларига кўра фарқ қилади. Шу нуқтаи назардан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати меҳнат ва ресурс сиғими юқори бўлган соҳа ҳисобланади. Мазкур фармоннинг ижроси ҳудудларнинг меҳнат ва табиий хомашё салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Неъмат ХОЛМАТОВ,
иқтисод фанлари номзоди.