Пахта-тўқимачилик кластерлари 2020-2021 йилларда 4,8 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда
Маълумотларни таҳлил қиларканмиз, кластерлар аграр соҳасининг локомотивига айланаётганини эътироф этишимиз мумкин.
Қишлоқ хўжалиги кластерининг ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимга эга корхона эканлигидан хабарингиз бор. Маълумотларни таҳлил қиларканмиз, кластерлар аграр соҳасининг локомотивига айланаётганини эътироф этишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатимиздаги 77 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 677,4 минг гектар майдонда 2 миллион тоннадан ортиқ пахта хомашёсини етиштириш белгиланди. Кластерларга 125 минг гектар ер майдонлари бириктириб берилган бўлса, 552 минг гектарда 16 мингта фермер хўжалиги билан фьючерс шартномалари асосида саноат хомашёси етиштирилди.
Бунинг учун кластерларга Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 4 триллион 114 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, кластерларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2,1 триллион сўм йўналтирилиб, пахта хомашёси етиштиришга жами 6,2 триллион сўм маблағ сарфланди.
Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жойларда босқичма-босқич замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари паркини яратиш, соҳанинг механизация даражасини ошириш, етиштирилган ҳосилни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштиришда банд бўлган аҳолини саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларига ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалигида иш самарадорлигини ошириш мақсадида техникалар билан таъминланганлик даражасини яхшилаш бўйича жами қиймати 1 триллион 900 миллиард сўмлик 16 мингдан зиёд, шундан 2019 йилнинг ўзида 1 триллион 200 миллиард сўмлик 14 мингга яқин қишлоқ хўжалик техникаси харид қилинди.
Сув ресурларидан оқилона фойдаланиш, пахтачиликда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хомашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 13 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 2753 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилди. Натижада суғориш учун сув сарфи 40-50 фоизга, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари 30-35 фоизга камайиб, меҳнат унумдорлигини 20-25 фоизга оширишга эришилди.
Кластерлар томонидан минерал ўғитлар ўз вақтида етказиб берилиши натижасида фермер хўжаликлари талаб қилинадиган меъёрдаги ўғитлар билан таъминланишига имконият яратилди. Жумладан, жорий йилда ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантиришда соф ҳолда азотли ўғитлар 275 минг 85 тонна, фосфорли ўғитлар 85 минг 45 тонна ва калийли ўғитлар 33 минг 19 тоннага таъминланди. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 110 минг 259 тонна азотли, 26 минг 446 тонна фосфорли ва 13 минг 468 тонна калийли ўғитлар “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ корхоналаридан харид қилинди ва 7 минг 261 тонна азотли, 13 минг 340 тонна фосфорли ва 2 минг 52 тонна калийли ўғитлар четдан олиб келинди. Юқорида таъкидланганидек, натижадан кўнгил тўлади. Бугунги кунга қадар пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2 миллион 36 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди, йилнинг ўтган 10 ойи давомида қиймати 2,3 триллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 13,5 мингта янги иш ўрни яратилди.
2020 йилдан бошлаб республикамизда пахта хомашёси етиштиришни тўлиқ кластер тизимида амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2020-2021 йилларда жами 4,8 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 19 мингдан ортиқ янги иш ўрнини яратиш режалаштирилмоқда.