Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги 150 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди
16:18 / 2023-11-20

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг 900 нафарга яқини хотин-қизлардир. Улар табиий газ узатиш тизимини эксплуатация қилиш жараёнида фаол қатнашмоқда.

Ушбу тизимда ишлаётган ҳар бир хотин-қизнинг мақсади она Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш ва истеъмолчиларга сифатли табиий газни эксплуатация қилишга қаратилган. Шу сабабли, улар ушбу масъулиятли ишни астойдил бажариб келмоқда.  

Хўш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш йўлида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?  

Мазкур саволга “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова қуйидагича жавоб берди:  

– “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан тармоқда ишлаётган хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли амалга оширилмоқда. Бунда уларнинг малака ошириши, саёҳатлар ташкил этиш, санаторийларга йўлланма бериш, тиббий кўрикдан ўтказиш, моддий рағбатлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Айниқса, бунда Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ва унинг бошланғич ташкилотлари фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, буни Бухоро вилоятида ўтказилган тадбирлар мисолида айтишимиз мумкин. Республика магистрал газ қувурлари тармоғидаги муҳим иншоотлардан бўлган Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг масъулиятли ишида фаолият олиб бораётган 1000 нафарга яқин ишчи-ходим орасида ҳам 150 га яқин хотин-қиз меҳнат қилади. Бошқармада уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги иштирокини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга ошириляпти.  

Куни-кеча бошқармага кўчма тиббий пунктнинг боргани ва аёллар учун шифокор кўриги ташкил қилингани ҳам бу борадаги ишлардан бири бўлди. Беғараз асосда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида улар қон таҳлиллари топшириб, УТТ ва тор доирадаги йўналиш шифокорларининг кўригидан ўтди. Кўчма тиббиёт пунктидаги тиббий кўрикка Когон МГҚБда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳам жалб қилинди.  

Газтранспорт тизимида ишлаётган хотин-қизлар шифокорлар билан яқиндан суҳбатлашиб, саломатликлари учун қимматли маслаҳатларга эга бўлди. Айтиш жоизки, хотин-қизлар меҳнат жамоасида фаол иштирокчи ходим бўлса, уйда она ва бека ҳамдир. Уларнинг ҳаётида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ёки ечимини кутаётган муаммолар йўқ, деб бўлмайди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга Ромитан тумани ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими фаолларининг боргани янада яхши бўлди. Хотин-қизлар етакчилари ва ишчи-ходималар давра суҳбати давомида айни пайтда ҳар бир аёлнинг уйида, ижтимоий ҳаётида муаммолари бор-йўқлиги билан танишди. Муаммолар бўлган ҳолатларда уларни ҳал этиш бўйича мавжуд имкониятлар тушунтирилди.  

Ҳуқуқий маданият ва билимларни ошириш борасида маслаҳатлар берилди.  

Шуни таъкидлаш керакки, бу каби тадбирлар “Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги ташкилотларда мунтазам ташкил этилмоқда. Бу эса хотин-қизларимизнинг нафақат тиббий кўрикдан ўтишида, балки уларнинг юртимизнинг турли манзилларига саёҳат қилиши ва хордиқ чиқаришларида намоён бўлмоқда.  

ЎзА мухбири

Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди