Бухорода “Бир макон - бир йўл” ташаббуси доирасида ўтказилган касбий маҳорат бўйича халқаро мусобақада 7 мамлакатнинг нефть ва газ соҳасидаги энг яхши муҳандис ва техник мутахассислари ўз имкониятларини синаб кўрди.

Қайд этиш керакки, касбий маҳорат бўйича SNPS халқаро мусобақаси 2021 йилдан буён ўтказиб келинади. Танловнинг бу йилги тадбирига республикамиз биринчи марта мезбонлик қилди. Авто кран ёрдамида юкларни кўтариш ва тушириш, электр техник қурилмаларга хизмат кўрсатиш, магистраль газ қувурларини пайвандлаш ҳамда қувурларнинг электр кимёвий ҳимояси йўналишларда мутахассисларнинг маҳорати синаб кўриладиган халқаро тадбирда «Ўзтрансгаз» АЖ мутахассислари ҳам иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.

Минтақадаги энергетика саноати учун муҳим воқеага айланган ва энг маҳоратлилар эътироф этиладиган халқаро тадбир 3 кун давом этди ва энг моҳир мутахассислар аниқлаб олинди. Биринчи марта 2021 йилда ўтказилган ушбу халқаро мусобақа анъана тусини олиб, мамлакатлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва профессионал тажриба алмашиш учун самарали платформага айланиб бормоқда.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, 2025 йилда ушбу лойиҳа тўртинчи марта ўтказилган. Бу тадбир соҳада ҳозиргача ўтказилган энг йирик лойиҳа бўлиб, унда иштирок этувчи мамлакатлар, жамоалар ва мусобақа турлари рекорд даражада бўлиши режалаштирилган. Ўз навбатида, бу “Бир макон - бир йўл” ташаббуси доирасида кўникмаларни ривожлантириш, инновациялар ва халқаро ҳамкорликка қизиқиш ортиб бораётганининг яққол тасдиғидир.

Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Мянма, Нигер ва Бениннинг 9 жамоаси "Белт анд Роад" ташаббусининг энг йирик газ ва нефть ташиш компаниялари вакиллари бўлган 90 дан ортиқ мутахассис иштирок этишди. Бу йилги тадбир мезбони – "Аsia Trans Gas" МЧЖ қўшма корхонаси. Хитой миллий нефть-газ корпорацияси ташкилотчилик қиладиган тадбирнинг бу йилгиси "Ўзбекнефтегаз" АЖ кўмагида бўлиб ўтди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА