Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзтрансгаз” АЖ: газ заҳираси 19 фоизга оширилди
19:09 / 2024-12-27

Бугун “Ўзтрансгаз” АЖда ўтказилган матбуот анжуманида 2024–2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бажарилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Унда "Ўзтрансгаз" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Шоҳжаҳон Сафаров тайёргарлик ишлари аҳоли ва ижтимоий объектларни табиий газ билан барқарор таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, Тошкент вилоятидаги “Тошкент-1” газ тақсимлаш станциясида Қибрай ва Тошкент туманлари учун газ босимини ростлаш тугунлари алоҳида ажратилди. Бу аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш барқарорлигини оширишга имкон берди. Урганч шаҳридаги газ тақсимлаш станцияси реконструкция қилиниб, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш ҳажми ва сифати яхшиланди. Қорақалпоғистон Республикасида “Тўрткўл” газ тақсимлаш станцияси янгидан қурилди ва замонавий ускуналар билан жиҳозланди.

[gallery-21060]

– Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” станцияси орқали 3,5 мингдан ортиқ хонадон ва янги массивлардаги кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланди. Республика бўйлаб 50 километрдан ортиқ магистрал газ қувурлари монтаж қилинди, 64 километр масофадаги нуқсонли қисмлар капитал таъмирланди. Шунингдек, газ сақлаш иншоотларига ўтган йилга нисбатан 19 фоиз кўпроқ газ заҳираси жамлангани қайд этилди. 427 та газ тақсимлаш ва ўлчаш станциясидаги ускуналар текширилиб, 1 700 дан ортиқ ускуна таъмирланган. Газ сиқув компрессор станциялари режа асосида ишлаб турибди: 58 та агрегат ишчи ҳолатида, 26 таси эса заҳирада сақланмоқда.Ҳар бир бошқармада фавқулодда ҳолатларда ишлашга шай ҳолда авария бригадалари ва махсус техникалар ташкил этилган, – деди Ш.Сафаров.

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар 2024–2025 йиллар қиш мавсумида газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган. Ташкилот аҳоли ва ижтимоий тармоқлар учун табиий газ етказиб беришда ишончли хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда.

Н.Зиёдуллаева, О.Пардаев (сурат), ЎзА