«Ўзтрансгаз» AЖ ижроия аппарат масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Тадбирда «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Беҳзод Норматов 2022 йилда тизимда амалга оширилган ишларнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган натижалар ва режалар хусусида тўхталар экан, Энергетика вазирлигида 28 декабрь куни ўтказилган йиғилиш баёнида кўзда тутилган топшириқларининг ижроси, яъни байрам кунлари республика истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминланиши учун «Ўзтрансгаз» AЖ тизимида амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратди.
Топшириқларга кўра, 2022 йил 30 декабрь – 2023 йил 3 январь кунлари Янги йил байрами муносабати билан дам олиш кунлари бўлганлиги инобатга олиниб, магистраль газ қувурларига тўғридан-тўғри уланган акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади. Имконият бор (магистраль газ қувурларда босим тушиб кетмайдиган) ҳудудлардаги AГТКШ фаолиятига рухсат берилади.
Хусусан, Янги йил байрами кунлари аҳолининг автотранспорт воситаларига эҳтиёжи ортишини инобатга олиб, 29 – 31 декабрь кунлари магистраль газ қувурларида табиий газ босими кескин пасайиб кетиши эҳтимоли бўлмаган ҳудудларда жойлашган AГТКШ амалдаги иш вақтларига маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда амалдаги ишлаш вақтлари графикларига жойлардаги мавжуд вазият ва техник имкониятдан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича МГҚБларга тушунтириш берилди.
30 декабрь – 3 январь кунлари дам олиш кунлари бўлганлиги инобатга олиниб, магистраль газ қувурларига тўғридан-тўғри уланган ва стратегик аҳамиятга эга бўлмаган юридик шахслар ва корхоналарга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилди ва мазкур корхоналарда муқобил ёқилғидан фойдаланиши зарурлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинди.
Шунингдек, 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси «Ўзтрансгаз» AЖ Марказий аппарати ва тизимдаги барча корхоналар биринчи раҳбарларининг навбатчилиги ташкил этилади.
31 декабрдан 2 январгача республика истеъмолчиларига электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича «эркин истеъмол» режимини таъминлаш мақсадида ИЭСлар учун табиий газ етказиб бериш графиги ҳам тасдиқланди. Тадбирда байрам кунлари иссиқлик электр станцияларида аҳоли истеъмолчилари эҳтиёжини қондирадиган даражада электр энергиясини ишлаб чиқариш мақсадида уларга суткасига 49 миллион метр кубдан кам бўлмаган ҳажмда табиий газ етказиб бериш мақсадида барча имкониятлар ишга солиниши зарурлиги қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА