Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмасида очиқ эшиклар куни
20:22 / 2022-12-22

Шу муносабати билан бугун соҳа вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида бўлди.

Дастлаб очиқ эшиклар куни қатнашчилари уюшмада яратилган шарт-шароит ва бўлимлардаги иш жараёни билан танишиб чиқди. Шундан сўнг улар учун кейинги йилларда уюшма бўлимлари ходимлари томонидан олиб борилган ишлар, ютуқлар ва режалар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ташкил этилган.

Мазкур фармон ижроси доирасида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш борасида ишлар амалга оширилди ва катта ютуқларга эришилди. Бунда уюшма фаолиятининг алоҳида ўрни бор.

 “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Оммавий ва ташқи алоқалар департаменти бошлиғи Шаҳзода Қўчқорованинг қайд этишича, Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг сўнгги йилларда эришган улкан ютуқларидан бири бу ишлаб чиқаришда барқарор ва шаффофликни таъминлашдир.

[gallery-10035]

– Бугун очиқ эшиклар кунини ташкил этишимиздан мақсад “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва унинг бўлимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан иштирокчиларни яқиндан таништиришга қаратилди.  Тадбирда уларга соҳадаги ўзгариш ва ютуқларимизни гапириб бердик. Дарҳақиқат, тизимда халқаро стандартларнинг жорий қилиниши, меҳнат шароитларининг яхшиланиши, ишлаб чиқаришда атроф-муҳит, экология, одам соғлиғига зарарли таъсирини камайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Уюшма жорий йилнинг ўзида 5 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва ташаббусларга аъзо бўлди. 2017-2022 йилларда тўқимачилик соҳасида амалга оширилган инвестиция лойиҳаларида янги турдаги замонавий ва энергия тежамкор технологиялар ўрнатилишига ҳамда корхоналарда мавжуд бўлган эски турдаги дастгоҳлар модернизация қилинишига эришилди. Бунинг натижасида 2022 йилга келиб соҳада 1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган электр энергия ҳажми 67,4 минг кВт.соатни, табиий газ эса 6,4 минг метр кубни ташкил этиб, ушбу кўрсаткичнинг 2017 йилга нисбатан 23,5 фоизга камайтирилди, – деди Ш. Қўчқорова.

Тадбирда уюшманинг Дизайнни ривожлантириш бўлими бошлиғи Камола Ғуломова тўқимачилик саноати жадал суръатларда ўсиши ўзбек модаси ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатгани ва  қисқа вақт ичида мамлакатда моданинг замонавий тенденциялари ва миллий либослар тайёрлаш анъаналарини ўзида мужассам этган  янги дизайн  йўналиши яратилгани ҳақида тўхталди.

– Мамлакатда экологик тоза, сифатли ва замонавий матолар ва кийимларни афзал кўрган истеъмолчиларнинг кенг тоифаси пайдо бўлди, – деди ўз тақдимотида К.Ғуломова. – Бу мамлакатимизга машҳур жаҳон брендлари маҳсулотларининг кириб келишига туртки бўлди. Бўлимимиз ҳам юқори  сифатли  тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш, миллий брендларни жаҳон бозорларига чиқаришда янги дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий этишга эътибор қаратмоқда. Шу  ўринда айтиб ўтишим жоизки, 2023 йилда мунтазам равишда мутахассислар ва ёш дизайнерлар ўртасида давра суҳбатлари ташкил қилишни мўлжаллаганмиз. Бу эса имкониятларимизни янада кенгайтиришга йўл очади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири