Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот”АЖ: соҳадаги муаммолар назоратда
11:22 / 2023-05-04

Сўнгги йилларда республикамизда ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Унинг узлуксиз етказилишида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Чекка ҳудудлар, ҳаттоки, тоғли туманларга ҳам оби ҳаётни етказиб бериш доимо назоратда.

Аҳоли орасида тўлов маданиятини шакллантириш, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, ҳар бир томчисини асраш борасида ҳам жамият томонидан турли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай бундай ҳолатлар кўплаб учраб турибди.  

Ичимлик сувининг узлуксиз етказилиши, кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қонунчиликда эса истеъмолчиларнинг ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга ошириш лозимлиги белгилаб қўйилган.  

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги тобора ошиб бормоқда ва бугунги кунда 1,36 триллион сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 1,13 триллион сўмни ташкил этса, 218 миллиард сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келмоқда. Қарздорлик миқдори энг юқори бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри 252 миллиард сўм, Андижон вилояти 153 миллиард сўм, Тошкент вилояти 145 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.  

Қайд этилишича, истеъмолчиларнинг қарздорлиги билан бир қаторда соҳадаги энг оғриқли муаммолардан бири ичимлик ва оқова сув тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, яъни ноқонуний уланиш ҳолатлари бўлмоқда. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда жойларда мунтазам равишда рейд тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, ўтган 2022 йил ҳисобида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик ва оқова сув тизимларига жами 2240 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб мазкур қонун бузарликлар натижасида жами 41,5 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бунда энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятида 572 та, Хоразм вилоятида 940 та, Самарқанд вилоятида 344 тани ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса ичимлик ва оқова сув тармоқларига 407 та ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, унинг натижасида жами 3,9 миллиард сўмлик зарар етказилган. Таъкидланишича, бундай ҳолатлар республиканинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилоятида ҳам кўплаб учрамоқда. Жумладан, “Оқсув-Дехқонобод” магистраль сув қувурига ноқонуний уланишларни аниқлаш ва бартараф этиш, сув йўқотишини олдини олиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини ошириш юзасидан рейд тадбирлари ўтказилган. Унда магистраль қувурдан ўтаётган сув ҳажми ўлчаниб, мазкур оралиқда суткасига 31 фоиз сув йўқотилаётганлиги аниқланган. Тадбир давомида қувурга аҳолининг коврак суғориш учун ўзбошимчалик билан уланганлиги, айрим ҳудудларда маҳаллий чўпонлар томонидан тармоқ зулфинлари ҳамда вантузларга зарар етказилиб, сув сой йўлига оқизиб қўйилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тузилган далолатномалар асосида ҳуқуқ тартибот органлари томонидан маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарорида сув қувурига ўзбошимчалик билан уланган истеъмолчилар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган. Қонунчилигимизга киритилган ўзгаришларга кўра энергия ресурслари, жумладан, ичимлик ва оқова сув тармоқларига фойда олиш мақсадида ноқонуний уланиш жиноят деб қаралмоқда. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланишини чеклаш ва бутунлай барҳам бериш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилган.

 

Нилуфар Бозорова,ЎзА