Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот” ва “K-Water” ўртасида меморандум имзоланди
12:14 / 2022-06-04

Тошкентда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Жанубий Кореянинг “K-Water” корпорацияси ўртасида мамлакатимизда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Тадбирда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раҳбарияти, “K-Water” корпорацияси ижрочи директори Жэ Хён Пак ва компаниянинг бошқа вакиллари иштирок этди.

Маросимда соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестиция ҳисобидан юртимизда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати билан қамраб олинганлик даражаси таҳлил этилди. Бу борадаги вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида кўплаб инновацион технологиялар, жумладан, “SCADA” ахборот йиғиш ва диспечерлик назорати, геоахборот, янги биллинг тизимлари жорий қилингани таъкидланди.

[gallery-7443]

Мазкур компания билан ҳамкорликда мамлакатимизда эскирган тармоқни модернизация қилиш, соҳага янги технологик ечимлар орқали “ақлли” сув ҳисоблагичлар жорий этиш, сув сарфини бошқариш бўйича қатор ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Аҳамиятли жиҳати, имзоланган меморандумга кўра, энди томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сувни чиқариб юбориш соҳасида ўқув маркази ташкил этиш учун зарур бўладиган маълумотларни тўплаш мақсадида биргаликда ҳаракат қилишади.

Шунингдек, “K-Water” сув таъминоти бўйича мутахассислар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам “Ўзсувтаъминот” билан ҳамкорлик қилади.

— Ўзбекистон корпорациямизнинг энг яқин шерикларидан бири, — дейди Жэ Хён Пак. — Ҳозир ҳар хил пилот лойиҳалар ишлаб чиқяпмиз. Масалан, Тошкент ҳудудидаги эскирган қувурларни замонавийлаштириш ва янгилаш аллақачон бошлаб юборилган. Мамлакат ғарбида сув таъминотини яхшилашга хизмат қиладиган дастур устида ҳам иш олиб бориляпти. Жамоамиз ўтган 5 йил мобайнида катта тажриба тўплади, 100 дан зиёд мамлакатдан малака ошириш учун келган 5 минг 700 ишчини қайта ўқитди. Келгусида “Ўзсувтаъминот” билан ҳамкорлигимиз ҳам изчиллик касб этади, деган умиддаман.

Эслатиб ўтиш ўринли, 2020-2021 йиллар давомида “Ўзсувтаъминот” мутасаддилари ватанимизда ўқув маркази ташкил этиш бўйича музокара олиб бориш учун икки марта Кореяга борган, “K-Water” академияси таълим тизими, жумладан, ўқув, сув тарқатиш марказлари, пилот сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишган эди.

Улуғбек Маҳмирзаев,

Ойбек Пардаев (сурат),

ЎзА