Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот” АЖ ва халқаро молия институтлари томонидан 20 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда
18:06 / 2022-09-08

Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан халқаро молия институтлари билан биргаликда 20 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда Саудия тараққиёт ва ОПЕК жамғармаларининг жами 1 миллиард 861 миллион доллар қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқарма бошлиғи Даврон Мунавваров маълум қилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг январь-август ойларида 148 миллион доллар ўзлаштирилиши ҳисобига жами 187 км. ичимлик ва 47 км. оқова сув тармоғи тортилди.

Жами 41 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 1 та ичимлик сув тозалаш иншооти, 2 та сув тақсимлаш иншооти, 3 та сув қудуқлари қурилди ҳамда 5 та сув қудуқлари реконструкция қилинди.

Жумладан, Тошкент вилоятида кунлик қуввати 100 минг куб метр бўлган “Қодирия-сельская” сув тозалаш иншоотида қурилиш ишлари якунланди. Мазкур иншоот Тошкент вилоятидаги энг катта сув тозалаш иншооти ҳисобланиб, Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларига тоза ичимлик сувини етказиб беради. Натижада, 300 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.

Шунингдек, йил якунига қадар Жиззах, Гулистон, Ширин, Янгиер ва Бухоро шаҳарларида умумий қуввати 171 минг куб метр бўлган 5 та оқова сув тозалаш иншоотлари ишга туширилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда ичимлик сув таъминоти оғир бўлган Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги муаммоларни ечишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан қиймати 2 миллиард 150 миллион долларга тенг бўлган 24 та янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ушбу лойиҳаларнинг лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни келишиш ва тасдиқлаш жараёнлари кетмоқда.

М.Қосимова, ЎзА