Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот” АЖ: соҳадаги муаммолар тизимли бартараф этилади
18:09 / 2022-11-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида “Оқова сувларни чиқариб юбориш: муаммо ва ечимлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Оқова сув тизимлари одамларнинг фаровон турмушини таъминлаш, экологик барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис давлатимиз томонидан аҳолига бу турдаги хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда республика бўйича жами 56 та янги оқова сув тозалаш иншоотлари барпо этилди ва 1,1 минг километр оқова сув тармоқлари тортилди. Бунинг натижасида 2017 йилда юртимиз аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси 15,2 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб ушбу кўрсаткич 17,6 фоизга етказилди.

– Бугунги кунда мамлакатимизда 125 та оқова сув тозалаш иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 58 таси йирик, 67 таси локал оқова сув тозалаш иншоотлари ҳисобланади, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Оқова сув иншоотларининг умумий лойиҳавий кунлик қуввати 3,7 миллион метр куб бўлиб, амалда кунига 2,7 миллион метр куб қувват билан ишлаб келмоқда. Сўнгги йилларда оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилганига қарамасдан, мазкур йўналишда бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. Биринчидан, республикадаги мавжуд оқова сув инфратузилмаси ҳар томонлама эскирган. Оқова сув тизимларининг аксарият қисми ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилган бўлиб, бугунги кунга келиб таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Ҳозирда мамлакатимизда 282 та оқова сув кўтариш насос станцияларида жами 527 та насос агрегатлари мавжуд. Шундан 122 таси носоз, шунингдек, мавжуд жами 8,8 минг километр оқова сув тармоқларидан 2,1 минг километри (23%) таъмирталаб аҳволда.

[gallery-9716]

Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида айни дамда барча дастурлар доирасида кунлик умумий қуввати 1,3 миллион метр куб бўлган 45 та оқова сув тозалаш иншоотлари, 329 та насос станциялари ва 3,8 минг километр оқова сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур қурилиш-монтаж ишларининг амалга оширилиши натижасида 2,3 миллион нафар аҳолига илк бор оқова сув хизматлари кўрсатилади. Умуман олганда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш белгиланган. Ушбу давр мобайнида 283 та оқова сув иншоотлари қурилади, 6,5 минг километр оқова сув тармоқлари тортилади ва реконструкция қилинади. Бунинг натижасида республика аҳолисининг марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 35 фоизга етказилади.

Оқова сув хизматларини кўрсатиш соҳасидаги яна бир тизимли муаммолардан бири – бу саноат корхоналарида бирламчи (локал) тозалаш ускуналари ўрнатилмаганлигидир. Жойларда олиб борилган ўрганиш ишлари давомида аниқланишича, корхоналардаги мавжуд тозалаш ускуналари ҳам талабга жавоб бермайди. Бунинг оқибатида чиқарилаётган оқова сувларнинг таркиби меъёрдан юқори зарарли бўлиб, тозалаш иншоотларининг технологик фаолиятини издан чиқармоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудлардаги экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатади.

Нилуфар Бозорова, Носиржон Ҳайдаров (сурати) ЎзА