Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот” АЖ: Куз-қиш мавсуми учун 527 та авария тиклаш бригадалари шай ҳолатга келтирилган
14:38 / 2022-10-07

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, бу йилги куз-қиш мавсуми учун 40,8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жами 1 815,3 км ичимлик суви тармоқлари ҳамда 1 минг 689 та насос ускуналарини жорий ва мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирги кунга келиб 1806,3 км ичимлик суви тармоқлари ва 1 минг 728 та насос ускуналари жорий таъмирланди. 
 
Куз-қиш даврини беталофат ўтказиш мақсадида барча сув таъминоти ва канализация хизмати кўрсатиш корхоналари ва иншоотлари кучайтирилган иш режимига ўтказилди. Хусусан, ичимлик суви тармоқлардаги авария ва носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш учун ҳудудий сув таъминоти корхоналаридаги жами 527 та авария тиклаш бригадаларининг барчаси шай ҳолатга келтирилган. 
 
Бундан ташқари, республика бўйича ягона ҳисобланган 12-55 қисқа рақамли колл-маркази ҳамда ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг диспетчерлик хизматлари 24/7 иш режимига ўтказилган. 
 
Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида сув таъминоти ва оқова сув объектларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини назорат қилиш ва жадаллаштириш мақсадида айни кунларда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналари ҳамда бошқа тегишли ташкилот ва идораларнинг масъул ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳудудларга бириктирилди. 
 
Куз-қиш даврида истеъмолчиларда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни самарали ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳлар томонидан жойларда сайёр қабуллар ҳам ўтказилиб келинмоқда. 



Муҳайё Тошқораева, ЎзА