French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзсувтаъминот” АЖ: ичимлик сув таъминоти янада яхшиланади
14:22 / 2023-01-11

Мамлакатимизда 2022 йилда барча дастурлар ижроси доирасида 3,3 триллион сўм бюджет маблағлари ва халқаро молия институтларининг 185,5 миллион доллар маблағи ўзлаштирилиши ҳисобидан 7 130,1 километр ичимлик ва 232,9 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, 859 та ичимлик ва оқова сув иншоотлари қурилган, реконструкция қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг ўз маблағлари ҳисобидан жами 82,8 километр ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 7 та сув қудуғи қазилган, 121 та янги насос ускуналари ўрнатилган. Шунингдек, 44,9 миллиард сўм молиялаштириш эвазига 1,8 минг километр ичимлик сув тармоқлари ва 2 мингга яқин насос ускуналари мукаммал ва жорий таъмирланган.

Акмал Муродовнинг таъкидлашича, 2022 йил Инвестиция дастури доирасида Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги қарорига асосан 204 та объектларда 1,7 триллион сўм ўзлаштирилиши эвазига жами 1 936 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилиб, 119 та иншоотларда қурилиш ҳамда реконструкция ишлари якунланган.

2022 йилда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 185,5 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилиб, қарз маблағларини ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан 57 фоизга ошди. Ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан жами 243 километр ичимлик ва 83,8 километр оқова сув тармоқлари тортилди, шунингдек, 121 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилиб, ҳисобот даврида 1 та сув тозалаш иншооти, 14 та сув тақсимлаш иншооти, 1 та сув минораси, 13 та сув қудуғи ва 18 та сув резервуари, 3 та оқова сув тозалаш иншооти ҳамда 2 та оқова сув насос станциясида қурилиш ишлари якунланди.

Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятида қуввати бир кеча кундузда 100 минг м3 бўлган “Қодирия” сув тозалаш иншооти, Жиззах шаҳрида қуввати бир кеча кундузда 30 минг м3 бўлган оқова сув тозалаш иншооти ҳамда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Бухоро шаҳрида қуввати бир кеча кундузда 100 минг м3 бўлган оқова сув тозалаш иншооти ишга туширилгани шулар жумласидандир.

2022 йилда барча дастурлар доирасида амалга оширилган ишлар натижасида республика аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 69,7 фоиздан 74,4 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 17,2 фоиздан 18,9 фоизга етказилди. Истеъмолчилар базаси 4 миллион 150 мингтадан, 4 миллион 4 мингтага етказилиб, 242 минг истеъмолчига (6 фоиз) оширилди.Сув ҳисоблагичлари мавжуд истеъмолчилар 2 миллион 420 мингтадан 2 миллион 830 мингтага, сув ҳисоблагичлари билан таъминланганлик 64,3 фоизга етказилади.

Ҳисобот даврида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув объектларида энергия тежамкор технологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида жами 90,5 кВт қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 39 та қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш мақсадида умумий қиймати 220,46 миллион сўмлик шартнома имзоланди. Самарқанд вилоятида 4 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Жиззах вилоятида 2 та сув иншоотларига қуёш панелларини ўрнатиш мақсадида тендер савдоларига тегишли эълонлар қўйилди.  

Қолаверса, “Сирдарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан  37 та, “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан эса 16 та электр энергия тежамкор насосларига алмаштирилиши натижасида бир ойда 77 минг кВт электр энергия иқтисод қилинди.  

2022 йилда Наманган шаҳридаги “Кизил равот” сув иншоотида 3 та насосларнинг тежамкор насосларга алмаштирилиши натижасида бир йилда 6 570 кВт электр энергияси  иқтисод қилинди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ  томонидан мазкур йўналишдаги ишлар жорий йилда ҳам изчил ва тизимли давом эттирилмоқда.

 

Нилуфар Бозорова,

ЎзА