“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси Илёс Раҳимов бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган натижалар юзасидан батафсил маълумот берди:
– Кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини қурилиш материаллари соҳасида қайд этилаётган барқарор ўсиш кўрсаткичларида яққол кўриш мумкин. Хусусан, 2025 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 52,6 триллион сўмни ташкил этди. Экспорт ҳажми 1,2 миллиард долларга етказилди. Шунингдек, жами 2,4 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилди, шундан 1,6 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этиб, ўсиш суръати 111,6 фоизга етди. Умумий инвестициялар ўсиши 109 фоизни ташкил қилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 4,4 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 126,2 фоиз ўсишни англатади. Жумладан, 21,5 миллион тонна цемент, 40 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 47 миллион квадрат метр керамик плитка, 110 миллион квадрат метр гипсокартон листлари, 336 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари ҳамда 830 минг дона санитар-техник буюмлар ишлаб чиқарилди.
Соҳада 2025-2026 йилларда умумий қиймати 3,6 миллиард доллар бўлган 437 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, улар доирасида 22,2 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. 2025 йилнинг ўзида қиймати 1,8 миллиард доллар бўлган 353 та лойиҳа ишга туширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 606,9 миллион доллар ўз маблағлари, 217,5 миллион доллар банк кредитлари ҳамда 979,7 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Натижада 15,2 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 163 фоиз ўсишни ташкил этди.
[gallery-27264]
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “Qoraqalpoq Basaltwool” МЧЖ томонидан қиймати 52,4 миллион доллар бўлган, йиллик қуввати 50 минг тонна базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу корхонада 300 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, у “Ўзсаноатқурилишбанк” мижози ҳисобланади. Шунингдек, Наманган вилояти Чуст туманида “Megaton” МЧЖ томонидан қиймати 40 миллион доллар бўлган, йиллик 500 минг метр куб автоклав газобетон блоклари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур лойиҳа доирасида 140 нафар иш ўрни яратилди ва у “Туронбанк” мижози ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан 2025 йил инвестиция дастури доирасида 20 та лойиҳа бўйича 196,4 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу 2024 йилга нисбатан 103 фоиз ўсишни ташкил этиб, белгиланган 190,3 миллион долларлик режа тўлиқ бажарилди.
Экспорт кўрсаткичларига келсак, 2025 йилда соҳада 1,2 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, белгиланган режа 100 фоизга бажарилди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 142 фоизга ошди. Экспорт таркибида алюминдан тайёрланган қурилиш материаллари 77,5 миллион доллар, керамика маҳсулотлари 88,5 миллион доллар, тошдан ясалган буюмлар, жумладан мармар ва гранит маҳсулотлари 49 миллион доллар, ойна ва ундан тайёрланган буюмлар 26,3 миллион долларга ошди.
Давлатлар кесимида Россия Федерациясига 251 миллион долларлик металл буюмлар, керамика маҳсулотлари, тошдан ясалган буюмлар, ПВХ профил, труба ва фитинглар экспорт қилинди. Қозоғистонга 207 миллион долларлик, Қирғизистонга 180 миллион долларлик, Тожикистонга 127 миллион долларлик, Афғонистонга 32 миллион долларлик, Озарбайжонга 18 миллион долларлик ҳамда АҚШга 8,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Экспорт ҳажмларини янада ошириш мақсадида Афғонистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон ва Қирғизистон давлатларида савдо уйлари, шоурумлар ҳамда савдо омборлари ташкил этилди. Уларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 50 дан ортиқ турдаги юқори қўшилган қийматли, экспортбоп қурилиш материаллари намуналари жойлаштирилди. Соҳада ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш мақсадида “Ernst & Young” хорижий компанияси жалб этилди.
Компаниянинг халқаро экспертизаси ва амалий тажрибасидан фойдаланган ҳолда Шимолий Америка, Россия ва Кавказ, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий Осиё ҳамда Европа бозорлари таҳлил қилиниб, янги экспортбоп бозорларни диверсификация қилиш бўйича истиқболли йўналишлар аниқланмоқда. Шу асосда ҳудудий корхоналар билан ҳамкорликда тизимли ишлар ташкил этилади.
Умуман олганда, 2025 йилда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси фаолияти қурилиш материаллари соҳасида барқарор иқтисодий ўсиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларининг сезиларли ошиши ҳамда инвестициявий жозибадорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Янгиланган ишлаб чиқариш қувватлари, маҳаллийлаштириш даражасининг ортиши, йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи бозорларда маҳсулот турларининг кенгайиши соҳанинг рақобатбардошлигини ошириб, соҳани мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айлантирди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА