Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати изчил ривожланиб, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бозор талабларининг ортиши, янги технологияларни жорий этиш, инвестиция фаоллигининг кучайиши ҳамда маҳаллий корхоналар рақобатбардошлигининг ошиши соҳанинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаб келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 10 ойлик якунлари қурилиш материаллари тармоғида етарлича юқори натижаларга эришилганини кўрсатади.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг маълум қилишича, соҳада қайд этилган кўрсаткичлар ва амалга оширилган ишлар ислоҳотлар натижаси.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-октябрь ойларида тармоқ корхоналари томонидан 45,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 113,5 фоизни ташкил этган. Шу даврда 18,8 миллион тонна цемент, 33,3 миллион квадрат метр ойна, 41 миллион квадрат метр керамик плитка, 91,8 миллион квадрат метр гипсокартон, 301 минг тонна қуруқ аралашмалар ва 751 минг дона санитар-техника буюмлари каби маҳсулотлар тайёрланган.
Инвестиция фаоллиги ҳам сезиларли даражада кучайган. Қиймати 1 миллиард 65 миллион доллар бўлган 230 та йирик лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, улар асосида 8 минг 712 та янги иш ўрни барпо этилган.
–Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида “Al-Kamol Rise Group” МЧЖ томонидан эшик ва дереза ромлари ҳамда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган кластер ташкил этилмоқда. Самарқанд вилояти Иштихон туманида эса “Odil eco” МЧЖ чугунни қайта ишлаш бўйича қувватларни ишга туширишни режалаштирган. Давлат инвестиция дастури доирасида уюшмага бириктирилган лойиҳалар бўйича 168,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 117,6 фоизга бажарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126 фоизга юқори, – деди Ж.Шерметов.
Экспорт йўналишида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Алюминийдан тайёрланган қурилиш материаллари, керамика ва тошдан ясалган буюмлар, ойна, ПВХ ва пластмасса маҳсулотлари экспорти ортиши натижасида жорий йилда экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 187 миллион долларга кўпайган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА