Ўзсаноатқурилишбанк тижорат банклари орасида биринчилардан бўлиб “яшил энергия” сертификатини қўлга киритди. Бу банкнинг ишлаб чиқариш фаолиятида электр энергия эҳтиёжлари тўлиқ “яшил” энергия манбалари ҳисобига қопланаётганини тасдиқлайди.
Президентимизнинг 2022 йил 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланган.
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида муқобил энергия манбаларини жорий этиш саъй-ҳаракатлари 2018 йилда бошланган трансформация жараёнларида “яшил” банк тамойиллари асосида олиб борилди.

Бугунги кунда банк бош офиси ҳамда ҳудудий тармоқлари биноларига 1,5 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 30 фоизини қоплаб бермоқда.
Бу борада муассаса ўз эҳтиёжларининг қолган қисмини гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилаётган муқобил манбалар ҳисобига таъминлаб, тўлақонли равишда “яшил” энергия манбалари фойдаланувчиси сифатида “яшил энергия” сертификатини олишга эришди.
Таъкидлаш жоиз, “яшил энергия” сертификатлари тизими 2023 йилнинг 1 октябридан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 15 майдаги “Яшил энергия» сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун жорий этиб келинмоқда.
Банк Ахборот хизмати