Ўзсаноатқурилишбанк ва Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар ва Табиат ресурслари вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрда имзоланган “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида ишлаб чиқаришни технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш вазифалари белгиланган.
Сўнгги йилларда Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ушбу стратегия ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2012 йилдан буён Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан энергиясамарадор лойиҳалар молиялаштириб келинмоқда. Бугунги кунга келиб, 235 та лойиҳага 291,6 млн. доллар миқдорида “яшил” кредитлар ажратилди. Натижада 763 минг МВт/соат электр энергияси, 17 минг куб. метр сув, 107 минг куб. метр табиий газ иқтисод қилинди, табиатга 326,4 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олди олинди.
Ўзсаноатқурилишбанк ва Табиат ресурслари вазирлиги ўртасида имзоланган англашув меморандумида ҳам асосан экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсади кўзда тутилди.
Меморандум доирасида томонлар қатор устувор йўналишлар бўйича иш олиб боради. Жумладан, аҳолининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалалари ҳақидаги хабардорлигини ошириш мақсадида онлайн қўшма семинарлар, давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманлар ҳамда турли акциялар ўтказиш, бу борада экспертлар, тадқиқотчилар, мутахассислар ҳамда маълумотлар алмашинувини ташкил этиш белгилаб олинган. Шунингдек, меморандумда бошқа йўналишларда ҳам қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш қайд этилган.
–Аҳоли сонининг муттасил ортиб, саноат индустрияси жадал ривожланаётган айни даврда электр энергияси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш замон талаби, – дейди бошқарув раиси ўринбосари Ф.Абдурахманов. – Шу боис банкимиз томонидан ресурслардан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш йўлидаги ислоҳотларга қатъий бел боғланган. Шу мақсадда Банк тизимида “яшил” банк иши йўлга қўйилди.
Бунда Банк томонидан лойиҳаларнинг экологик ва ижтимоий жиҳатига алоҳида эътибор қаратилиб, энергия самарадор ва ресурс тежовчи ускуналарга кредит ажратиш фаол қўллаб-қувватланмоқда.
– “Яшил” банк тамойилини жорий қилишда биз Халқаро молия корпорацияси экспертлари ҳамда эколог ва техник мутахассисларни жалб қилдик, – дейди “Green banking” департаменти директори Н. Хусанов. – Ҳозирда улар кўмагида лойиҳаларнинг экологик ва ижтимоий хавфларини баҳолаш самарали кечмоқда. Бунинг учун ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди, корпоратив, кичик ва ўрта бизнес ҳамда жисмоний шахс мақомидаги мижозлари учун “яшил” кредит маҳсулотлари жорий қилинди. Халқаро молия институтлар ва хорижий банклардан жами 323,3 млн. доллар миқдорида кредит линиялар жалб қилинди. Ушбу маблағларнинг 143,2 млн. долларлик қисми ўзлаштирилди.
Бундан ташқари, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ҳисобидан аҳолига кредит ажратиш учун 76 млрд. сўм жалб қилинди. Шундан, қуввати 960 кВт.лик қуёш панеллари учун 385 та аҳоли хонадонига 10,8 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.
ЎзА