Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўзсаноатқурилишбанк" маҳсулотлари сони ва хизмат кўрсатиш тезлиги 1,5 баробарга ўсди
14:50 / 2022-07-25

"Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офисига пресс-тур ташкил этилди.

Унда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган корхоналарнинг фаолияти билан танишди.

"Ўзсаноатқурилишбанк" тизимида халқаро экспертлар кўмагида олиб борилаётган трансформация ишларида замонавий, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, аҳолини рози қилиш, тадбиркорлар ва мижозларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш мақсади кўзда тутилган.

– “Инсон қадри учун” тамойили асосида мамлакатимиз банк тизимида ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офиси раҳбари Ботир Давиров. – Бунда IT технологиялардан унумли фойдаланиш, самарали дастурий маҳсулотларни яратиш ва мижозлар билан мулоқотда рақобатбардошликни таъминлаш доимий эътиборда. Хусусан, трансформация маҳсули сифатида  банк хизматлари марказлари (БХМ) фақат мижозлар билан ишлашга бириктирилгани, банк маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ вазифалар марказлаштирилгани, мижозларга индивидуал хизмат кўрсатувчи менежерлар доираси шакллантирилгани келтириш мумкин. 

Натижада банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайди, кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, жисмоний шахслар учун 1,6 баробарга ошди. Чакана мижозлар сони 1,7 баробарга, хизмат кўрсатиш тезлиги 1,5 баробарга ўсди.  

Журналистлар борган дастлабки манзил трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Yustex” корхонаси бўлди. Йилига  6 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарадиган, 300 иш ўрни яратилган ушбу корхона Қибрай тумани кичик саноат зонасида жойлашган йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири саналади. 

Банк мазкур корхонага технологик ускуналар харид қилиш мақсадида молиявий кўмак кўрсатган эди. Шунда 10 млрд. сўмлик лойиҳанинг 7 млрд. сўми банк ҳисобидан қопланиб, кредит маблағлари Хитой ва Европа давлатларидан илғор тўқимачилик мажмуасини сотиб олишга йўналтирилган.

Ҳозирда “Yustex” маҳсулотлари Франция ва Италия давлатларига экспорт қилинади. Бу борада йиллик кўрсаткич 12 млн. долларга тенгдир. Қибрай туманидаги “Trans Servis Invest” корхонаси фаолиятида ҳам банкининг муҳим иштироки бор. 

Уч йилдан буён маҳаллий ва хорижий бозорга аёллар ва эркаклар ҳамда болалар трикотаж маҳсулотларини етказиб бераётган ушбу корхона  “талаб ва таклиф” тамойилларига амалга қилинган ҳолда банк билан навбатдаги янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда.

– Тадбиркорлик  журъат талаб қилади, – дейди “Trans Servis Invest” корхонаси савдо ва маркетинг бўлими бошлиғи Тоҳир Омонов. – Албатта, ҳисоб-китобингиз, харажатингизга мос молиявий ресурсингиз бўлиши ҳам шарт. Бу борада юртимизда жуда кўп имкониятлар берилмоқда. Масалан, тузган бизнес-режаларимиз қоғозга тушар-тушмас, банк томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда.  Айни вақтда  "Ўзсаноатқурилишбанк" билан ҳамкорликда янги лойҳа “Трикотаж маҳсулотларига ранг ва безак бериш” устида иш олиб бораяпмиз. У тўлиқ ишга туширилганда корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2200 тоннага етади, экспорт ҳажми 600 минг долларга ортади.

Пресс-тур давомида Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “ARENA RENT” корхонасига ҳам борилди. Ушбу қорхона  озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори воситаларини сақлаш учун пластмасса идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
– Фаолиятимиз тўлиқ автоматлаштирилган, – дейди корхонанинг лойиҳа менежери Икромбой Жуманов. – Банк томонидан ажратилган хорижий кредит линия ҳисобига Хитойдан йирик технологик мажмуа харид қилиб, ишлаб чиқаришни бошладик. Ҳозирда буюртмачиларга йилига 2 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот етказиб бераяпмиз.

Лойиҳа қиймати 3,5 млн. доллар ҳажмида. Йилига 960 тонна ҳар хил турдаги пластмасса идишлар ишлаб чиқарилади. Корхона фаолияти автоматлаштирилганига қарамай, 30дан ортиқ йигит-қиз ишга жалб қилинган. Пресс-тур  давомида Тошкент вилояти минтақавий банк хизматлари офисида матбуот анжумани  ўтказилиб, унда 2022 йилнинг биринчи ярими якунларида бажарилганга  ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ҳисобот даврида муассасанинг даромади белгиланган режага кўра 123 фоиз, аҳоли бўш пулларини омонатларга жалб қилиш 120 фоизга бажарилган. Соф фойда қарийб 45 млрд. сўмга етди. Кредит қўйилмалари 1 801,6 млрд. сўмни ташкил этиб, бунда энг катта улуш саноат тармоғи (қарийб 60 фоиз)га тўғри келган.

Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 231,3 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, 40га яқин лойиҳа ишга туширилган, 375 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.

ЎзА