Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзсаноатқурилишбанк IT мутахассислари тайёрлашни қўллаб-қувватламоқда
14:43 / 2023-05-16

Ўзсаноатқурилишбанкнинг Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “DATA UNION” масъулияти чекланган жамиятининг инновацион ўқув марказида ўтказган пресс-турида шу ҳақида маълум қилинди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида рақамли технологиялар миллий бозорини ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида таълим бериш ва малака оширишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Ўзсаноатқурилишбанк ҳам стратегия ижроси доирасида соҳада ёшларнинг мақсадли тайёрланишини ташкил этишга қаратилган стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқда.

– Жамиятнинг барча тармоқларида IT соҳасининг у ёки бу кўринишидан кенг фойдаланилмоқда, қолаверса, бу борада етарли билим ва кўникмага эга бўлган ҳолда уйдан чиқмасдан туриб ҳам юқори даромад кўрса бўлади, – дейди “DATA UNION” МЧЖ раҳбари Шаҳзод Собиров. – Бу эса соҳанинг аҳамиятини кундан-кунга оширмоқда. Аҳоли талаби ҳамда IT ривожи йўлида берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, банк кўмагида фаолиятимизни анчайин кенгайтирдик. Йигирмага яқин хоналар қайта таъмирланиб, илғор компьютер ва офис мебеллари билан жиҳозланди.  Йилига 5000 ўқувчини ўқитиш имконига эга бўлдик.

Ўқув марказида ёшларга замонавий ахборот технологиялари, web дастурлаш, компьютер дастурлаш, графика дизайни, видеомонтаж, архитектура, бухгалтерия ҳисоби ва инглиз тили йўналишларида таълим берилмоқда. Курслар 2 ойдан 7 ойгача бўлиб, ўқувчилар бепул интернет ва ўқув қуроллари билан таъминланмоқда. Ҳозирда 3 минг нафардан зиёд ёшлар ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олди. Уларнинг аксарияти ҳукуматимиз қарори асосида тақдим этилаётган фоизсиз истеъмол кредити ҳисобига компьютер жиҳозлари харид қилиб, мустақил фаолият юритмоқда.  

Марказда бандликка кўмаклашув хизмати ҳам мавжуд. Битирувчилар орасида ишсизлар рўйхати шакллантирилиб, уларни иш билан таъминлашга кўмак берилмоқда.

– Ҳар ишда хайрли иш қилиш мумкин, шу боис фаолият бошлаганимиздаёқ ижтимоий ҳимоя муҳим йўналишимиз бўлишини белгилаб олганмиз, – дейди Ш. Собиров. – Хоразм вилоятидаги имконияти чекланган ва вақтинчалик ишсиз ёшларга IT билим ва кўникмалар бериб, онлайн тарзда фриланс (“freelancer”) сифатида фаолият олиб боришига амалий ёрдам кўрсатиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 220 нафар ёшни бепул ўқитдик. Эндиликдаги мақсадимиз чекка ҳудудлардаги ёшлар ва кам даромадли оила фарзандлари учун сифатли онлайн ўқув машғулотларини ташкиллаштириш. Бу билан марказ ўзи учун янги харидорлар сегментини яратади.

Пресс-турда DATA инновацион ўқув марказига Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 87 миллион сўм грант ажратгани ва ҳамкорликда ребрендинг ўтказилгани маълум қилинди. Жорий йил якунига қадар хорижлик экспертлар гуруҳи билан DATA брендини франшизага олиб чиқиш мўлжалланмоқда.

Марказ мутасаддилари журналистларга истиқболдаги режаларни маълум қилди. Мисол учун, хорижлик компаниялар билан масофавий ишлаш тизимини йўлга қўйиш, ўқув курслари бўйича йўналишлар сонини кўпайтириш, онлайн ўқув курсларини оммалаштириш ҳамда марказ фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш.  

Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзсаноатқурилишбанк Хоразм вилоятида аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатишда яратилган қулайликлар мавзусида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда банкнинг ҳудудий бошқармаси фаолияти мисолида маълумотлар тақдим этилди.

Вилоятда банк мижозлари сони 46 мингдан зиёд бўлиб, уларнинг икки мингга яқини кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳисобланади. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатида банк ҳудудий бошқармаси кредит портфели 1,0 трлн. сўмни ташкил этди. Шундан, юридик шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи 933,2 млрд. сўмни, жисмоний шахсларга тақдим этилган кредитлар қолдиғи эса 132,8 млрд. сўм, омонатлар қолдиғи эса 206,8 млрд. сўмни ташкил қилди.

Реклама ҳуқуқи асосида

ЎзА