Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар сайловда иштирок этадими?
17:08 / 2024-09-03

2024 йил 28 августда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятимизнинг барча қатлами, аҳолининг барча тоифаларига кириб бормоқда, - дейди Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров. – Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Инсон қадри устуворлиги, инсонпарварлик, адолатпарварлик ислоҳотларнинг бош ғоясига айланди.

Конституциявий ислоҳотлар натижасида турли йўналишлар каби маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Конституциянинг 28-моддасида озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан янада яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишига, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)га ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этишга бўлган ҳуқуқи мустаҳкамланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқи эга.   

Агар оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар тегишли сайловларда ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ ва суднинг ҳукми асосида маҳрум этилган бўлмаса, улар ушбу сайловларда ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.  

Маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳуқуқи мустаҳкамланди.  Унга кўра, маҳкумлар ўзига нисбатан инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги, жазони ижро этиш муассасалари ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шартлиги, маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чораларини ва бошқа мажбурлов чораларини қўллашда белгиланган асослардан ҳамда тартибдан четга чиқишга йўл қўйилмаслиги, маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланди. 

Маҳкумларнинг Омбудсманга ҳамда Болалар омбудсманига мурожаатлар қутиси орқали мурожаат қилиши, мурожаат қилиш қутиларининг ўрнатилиши, очилиши, фойдаланиши, шунингдек, мурожаатларни юбориш тартиби янги нормада ўз ифодасини топди.  

Кодексда келтирилган дифференциация ва индивидуаллаштириш сўзлари техник-имловий жиҳатдан “табақалаштириш ва якка тартибда ёндашиш” деган сўзлар билан алмаштирилди. 

Мазкур қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг принциплари ва нормалари билан уйғунлаштиришни таъминлашга хизмат қилади.

                                                        Норгул Абдураимова, ЎзА