Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озодлик шукуҳидан ортиқ бахт борми...
15:19 / 2019-12-09

Бу ҳужжат кўплаб оилаларга қўшалоқ байрам шукуҳини улашди.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳужжат кўплаб оилаларга қўшалоқ байрам шукуҳини улашди.

Дарҳақиқат, адашиб ҳуқуқбузарлик йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ўзини инсонпарвар давлат, деб биладиган ҳар қандай мамлакат олдидаги муҳим масалалардан биридир.

Президентимизнинг фармонига мувофиқ, жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 фуқаро афв этилди, улардан 20 нафари жазодан тўлиқ озод этилади, 37 нафари шартли равишда муддатидан аввал озод этилади, яна 16 нафар шахсга нисбатан белгиланган жазо енгилроғига алмаштирилади, бир сўз билан айтганда, жазони ижро этиш муассасаларидан ҳамда пробация хизмати органлари ҳисобидан чиқариладиган фуқаролар сони 73 нафарни ташкил этади. Бундан ташқари, яна 19 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этиш кўринишида белгиланган жазо қисқартирилади.

Мамлакатимиз ҳаётига татбиқ қилинган авф этиш институти том маънодаги инсонпарварлик ифодаси бўлиб, моҳиятида инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик каби тушунчалар ётади. Бугун афв этилган юртдошларимиз ушбу тамойилларни ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.

Жазодан озод қилинган ёки муддати қисқартирилганлар ҳам ўз фуқароларимиз, ўз маҳалладошларимиз. Албатта, уларнинг ҳам уйда интиқ кутаётган ота-онаси, акаси, синглиси, ёру биродари, фарзандлари бор. Жазони ижро этиш муассасаларида ўтадиган бир йил, ҳатто бир кун, бир соат нафақат маҳкумларнинг ўзи, балки оила аъзолари учун ҳам оғир кечиши ҳеч кимга сир эмас.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмак бериш бўйича маҳаллаларимиз олдида катта вазифа турибди. Азалдан йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, эгри йўлга қадам босганларни жамоатчилик орқали тарбиялашдек ижтимоий аҳамиятга эга вазифаларни бағрикенглик ва адолат билан уддалаб келаётган фуқаролар йиғинлари афв этилган кишиларга ҳам ўз бағрини очади, чин дилдан кўмаклашади, албатта.

Қабул қилинган фармон асосида кўплаб одамлар озодликка чиқади, кўпларининг жазоси енгиллаштирилмоқда. Бу эса юзлаб оилаларнинг хурсандчилиги дегани. Ахир оила тўлиқ бўлишидан, озодлик шукуҳидан ортиқ бахт борми, дунёда.

Албатта, авф этилганларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш олдимизда турган галдаги долзарб вазифалардан саналади. Бу жараёнда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳамкор ташкилотлар – “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази янада фаоллик кўрсатади. Зеро, ушбу юртдошларимизнинг жамиятда ўрнини топиши, маҳалла-кўйга қўшилиши, зарур меҳнат ва яшаш шароитига эга бўлиши, умуман олганда, соғлом турмуш тарзига қайтиб, бошқа адашмаслиги барчамизга боғлиқ.

Жамиятнинг асосий бўғини бўлган оиланинг жам бўлиши, айниқса, оила боқувчиси, тарбиячиси бўлган ота-онанинг уйга қайтиши жуда чуқур маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга. Мазкур фармон айни вақтда оиланинг давлат муҳофазасида бўлишига ҳам хизмат қилади.

Қолаверса, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиши, жамиятда ўз ўрнини топишига ишонамиз.

Шавкат ЖАВЛОНОВ,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
Республика кенгаши бошқаруви раиси.