Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озодлик, ҳуррият, муҳаббат куйчисига эҳтиром
13:00 / 2022-06-06

6 июнь куни пойтахтимиздаги Пушкин ҳайкали жойлашган майдонда таниқли рус шоири Александр Пушкин таваллудининг 223 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистондаги рус маданият маркази, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.  

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди. 

– Рус адабиётида Александр Пушкин сиймоси алоҳида ўрин тутади, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Шуниси аҳамиятлики, бир умр озодлик ва ҳурликни, меҳр ва муҳаббат, юксак инсоний туйғуларни куйлаган шоир рус халқи учун қанчалар севимли бўлса, ўзбек китобхони учун ҳам шунчалар ардоқлидир. Балки, бу унинг шеъриятидаги юксак бадиият, кўнгил озодлиги, ёниқ муҳаббат, покиза изтироблар, теран маънолар, ғарбона оҳанглар остидаги шарқона руҳ, ҳикмат садоларининг сезилиб туриши билан боғлиқдир. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва бошқалар Пушкиннинг жаҳон адабиётига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритдилар. 

Таниқли шоирлар Пушкин ижодидан янги таржималарни ўқиб эшиттирди. Ёш ижодкорлар шоир шеърларидан намуналарни ўзбек ва рус тилларида ўқиди. 

Тадбирда мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, уларнинг миллий байрам ҳамда маросимлари нишонланаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат ифодаси экани алоҳида таъкидланди. 

Қардош адабиётлар қатори ХХ аср ўзбек адабиётининг тараққиётида Пушкин ижодининг таъсири сезиларлидир. Хусусан, унинг кўплаб асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Масалан, “Борис Годунов”, “Дубровский”, “Кавказ асири” Чўлпон томонидан (1936-37), “Евгений Онегин” Ойбек томонидан (1937), “Боқчасарой фонтани” Усмон Носир томонидан (1937), “Капитан қизи” асари Абдулла Қаҳҳор томонидан (1939), “Руслан ва Людмила” Миртемир томонидан (1948) ўзбек тилига ўгирилган. 

Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари – Мирзо Кенжабек, Минҳожиддин Мирзо, Ҳумоюн Акбар сингари ижодкорлар Пушкин ижодидан таржималар қилмоқда. 2020 йили Пушкиннинг шу пайтга қадар таржима қилинмаган асарлари Ҳумоюн Акбар томонидан таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилди. 

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари тавсияси билан Ўзбекистонда “Рус адабиёти дурдоналари” номли 100 жилдлик асарлар мажмуаси чоп этилди. Мажмуанинг дастлабки икки жилди Пушкин ижодига бағишланган. Уларнинг 1-жилдига шоирнинг шеърлари, 2-жилдига насрий асарлари киритилган. 

Тошкентда Пушкин номида кўча, метро бекати ва майдон бор. Пушкиннинг туғилган кунига 170 йил тўлиши муносабати билан 1969 йил Тошкент шаҳрида шоирга ҳайкал ўрнатилган. 

Рус тилида ижод қилган, рус адабиётидан таржималар қилган, рус адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси учун чет эллик ижодкорларга Россияда Пушкин номидаги мукофот жорий этилган. Ўзбекистонлик ижодкорлар Александр Файнберг, Алексей Устименколар ушбу мукофотга лойиқ кўрилган. 

[gallery-7462]

Тадбир сўнгида Пушкин ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Рус миллий маданият маркази томонидан шоир ижодига бағишлаб тайёрланган бадиий-маърифий дастур намойиш этилди. 

Н.Усмонова,  ЎзА