Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озодлиги чекланган шахсларга электрон браслет қачон тақилиши мумкин?
16:58 / 2024-08-07

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 7 августда “Пробация тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, пробация – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, маҳкумларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тарбиявий таъсир кўрсатишга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси пробацияни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг пробация хизмати пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли органдир.

Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар жумласига қуйидагилар киради: меҳнат органлари; давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари; Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари; таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари; Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.

Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек, амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади.

Қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади. 

Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётганлиги тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.

Пробация назоратидаги шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатиш уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори белгиланган мезонлар асосида ҳар 3 ойда баҳоланади ва уларнинг ижтимоий-психологик қиёфаларида акс эттирилади.

Н.Абдураимова, ЎзА