Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Тошкент: беш ташаббус ҳаракати – 2021» форуми доирасида ёшлар билан мулоқотга киришиб, санъат, мусиқа йўналишида кадрлар етишмаслиги борасида берилган саволга жавоб берди:
– Санъат соҳасида олий маълумотли кадрларнинг етишмаётгани бор гап ва бу жуда катта муаммоларимиздан бири, – деди О.Назарбеков.– Маданият, санъат олийгоҳларини битирган педагогларнинг олдида иккита йўл туради. Халқ таълими тизимидаги мактабда мусиқадан дарс бериш ва мусиқа мактабларида ишлаш. Лекин уларнинг ойликларини солиштирсангиз, осмон билан ерча фарқ бор. Масъуллар мусиқа мактабларини мактаб ўрнида кўришмаяпти ва уларни худди тўгаракдек қабул қилмоқда. Шунинг учун мусиқа мактабларида ойлик жуда паст. Мусиқа бўйича мутахассис тайёрламайдиган халқ таълими тизимидаги мактабларда эса ойлик юқори. Шу сабабдан олий маълумотли кадрлар мактабларга кетиб қоляпти. Мусиқа мактаблари эса ўрта махсус маълумотли кадрларга қолиб кетмоқда.
Ҳозир олдимизда турган асосий масала ҳам шу. Мусиқа мактаблари ўқитувчилари ва халқ таълими тизимидаги мактаблар ўқитувчиларининг ойлигини мувофиқлаштириш. Фақат шундагина кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш мумкин. Бошқача йўл билан кадрларни мусиқа мактабларида ушлаб қолиб бўлмайди.
Форум доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Г. Нусратова, ЎзА