Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озодбек Назарбеков: "Эл-юртга ҳалол хизмат қилиб, кам бўлган инсонни кўрмадим"
18:15 / 2023-12-23

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 22 декабрь куни ўтказилган маънавий-маърифий соҳа вакиллари иштирокидаги йиғилишда ёшларнинг ахлоқий-мафкуравий тарбияси билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ёшлар билан учрашувида ҳам бу борадаги долзарб масалаларга  эътибор қаратилди.  

Учрашувда санъат йўналишидаги олий ўқув юртларининг талабалари, ёш ижодкорлар иштирок этди.

– Бугунги учрашув учун беш-олти қоғоздан иборат маъруза тайёрлаган эдим, – деди Озодбек Назарбеков. – Бироқ мазкур учрашув расмиятчиликлардан йироқ, эркин ва самимий мулоқот тарзида ўтишини истардим. Президентимиз иштирокидаги Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида асосан маданият соҳасидаги масалалар ҳал этилди. Бу асосан тизим ходимларининг иш ҳақи, ойлик маошлари билан бевосита боғлиқ муаммолардир. Соҳада кўпгина ечилмаган масалалар бор эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан энди улар тўлиқ барҳам топди. Бундан буёғига ҳокимликларнинг биринчи галдаги вазифаси маданият, маънавият, таълим, ижтимоий соҳа сифатида белгиланди.

Учрашувда қайд этилганидек, айни пайтда миллионлаб томошабинлар ҳам маданият тизимининг узвий қисми саналади.

– Маданият бу бизнинг, халқимизнинг, миллатимизнинг маданиятидир, – деди вазир О.Назарбеков. – Шу маънода кечаги йиғилиш маданий ҳаётимизда янги саҳифаларни очиши шубҳасиз. Тўғриси, охирги йиллар давомида маданият соҳасига қаратилаётган эътиборга муносиб тарзда жавоб қайтара олдик, деб айта олмаймиз. Кўп йиллар илгари маданиятга бошқа жабҳалардан ортсагина, кейин маблағ ажратилар эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз – зиёлиларга катта чақириқ билан мурожаат қилдиларки, энди майдонга чиқадиган давр келди. Аслида элга, юртга, ўз халқига жон куйдириб хизмат қилган инсоннинг кам бўлганини ҳали кўрганим йўқ.

Учрашувда таъкидланганидек, бугун жамиятимизда кучли мафкуравий иммунитетни шакллантирадиган пайт келди. Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган чорловларга лаббай, деб жавоб бериш бугун ҳар бир зиёли инсоннинг бурчидир.

– Бугун биз – ёшларнинг муаммо деб аташга арзигулик муаммоларимиз йўқ, – деди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр актёри Расулхон Қодирхонов. – Ёшларнинг эркин ижод қилиши учун ҳамма шароитлар яратилган. Назаримда, ҳар биримиз ўз устимизда янада кўпроқ излансак, ўқишдан, изланишдан тўхтамасак, бунинг самарасини, албатта, кўрамиз.

– Мен актёрлик маҳорати бўйича тўгарак машғулотларини ўтаман, – деди пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги маданият маркази ходими Ҳумоюн Эшниёзов. – Машғулотларни ўтиш учун шароит етарли эмас, биргина хона, у ҳам таъмирталаб эди. Бу муаммо вазир билан мулоқот давомида ҳал бўлганидан жуда хурсандман.

Мулоқот давомида ёшлар ўз таклиф ва мулоҳазалари билан маданият вазирига мурожаат этиш, ўзларини ўйлантираётган масалаларга ечим топишга муваффақ бўлди.

Тадбирда соҳада фаол ва ташаббускор ёшларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар топширилди.

Учрашув якунида жадид боболаримизга оид янги мусиқий видеоролик премьераси ёшлар эътиборига ҳавола этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.