Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков маданий мулоқотни ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва халқ оғзаки ижодини оммалаштиришда IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “II Туркий дунё маданияти форуми” ҳамда “Янги Ўзбекистонда бахшичилик санъати: замонавий тадқиқотлар ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман улкан аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Маданият вазири ўзбек зиёлилари, олий ўқув юртлар ректорлари, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғулистон, Иордания, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва Германия каби 40 дан зиёд давлатлардан ташриф буюрган фан-таълим, маданият, санъат ва адабиёт каби соҳалардаги таниқли олим ва мутахассисларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Фурсатдан фойдаланиб, Озодбек Назарбеков барча меҳмонларни дунё цивилизацияси бешиги, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий сингари буюк мутафаккир ва олимлар Ватани, тинчлик, дўстлик ва маърифат юрти бўлган гўзал диёримизга келгани билан қутлади.
IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ва бошқа муҳим тадбирларнинг ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган шаҳар — кўҳна ва бетакрор Хивада ўтказилиши бежиз эмас. Ушбу маънавият марказининг 2020 йилда “Туркий дунёнинг маданий пойтахти”, 2024 йилда эса “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” деб эълон қилиниши унинг беқиёс маданий ва тарихий аҳамиятидан далолат беради. Хива нафақат жаҳон даражасидаги меъморий ёдгорликлари, балки асрлар давомида илм-фан, санъат ва адабиёт ривожида муҳим ўрин тутгани билан ҳам машҳурдир.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда қардош мамлакатларда ўтказилаётган йирик халқаро тадбирлар ҳамда уларда илгари сурилаётган ташаббус ва таклифлар маънавий бирдамлигимизни мустаҳкамлаш, умумий қадриятларимизни сақлаш ва халқларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Озарбайжон дурдонаси ва туркий оламнинг маданий пойтахтларидан бири — Шуша шаҳрида бўлиб ўтган “I Туркий дунё маданияти форуми” дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги доирасида ташкил этилаётган тадбир ва лойиҳаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизда маданият ва санъат кунлари, ёшлар ва театр фестиваллари, ижодий форумлар мунтазам ўтказилади. Юртимиз олимлари ва маданият арбоблари туркий тиллар ва адабиёт ривожига бағишланган халқаро анжуманларда фаол қатнашмоқда.
100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” китобининг ўзбек тилида нашр этилгани ушбу ҳамкорликнинг ёрқин натижаси бўлди. Ушбу мажмуадан Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгриядаги 450 дан ортиқ классик ва ҳозирги замон ижодкорларининг асарлари жой олган. Унинг “Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилдини қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний ва Носириддин Рабғузий асарлари ташкил этган бўлса, «Ўзбек адабиёти намуналари» деб номланган жилдларга Алишер Навоийдан бошлаб то бугунги кунга қадар қалам тебратиб келган ўзбек адабиёти намояндаларининг дурдона асарлари киритлган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ноёб тўпламни Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ва кузатувчи давлатларнинг она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу муҳим ташаббус қардош халқлар, айниқса ёшлар маънавий бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши даъват этилган.
Маданият вазири ушбу муҳим лойиҳани муваффақиятли амалга оширишда олим ва таржимонлар муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан туркий дунёда сиёсат, илм-фан, тиббиёт, адабиёт ва санъатда улкан ютуқларга эришган таниқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот ҳам таъсис этилган.
Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида Президентимиз маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшларни умумий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкилотга аъзо мамлакатлар она тилида туркий халқлар фольклорининг кўп жилдли тўпламини нашр этишни таклиф этган эди.
Бугунги кунда “Туркий халқлар тарихи” каби қўшма фундаментал тадқиқотларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туркий тиллардан таржима қилишни рағбатлантириш, мактабларда туркий халқлар тарихи, маданияти, этнографияси ва санъатига бағишланган дарсларни жорий қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистоннинг Туркий маданият ва мерос фондининг тўлақонли аъзоси бўлиш истаги ҳам муҳим ташаббуслардан биридир. Бу борада ишлар жадал олиб борилмоқда ва бу туркий халқларнинг моддий ва номоддий маданий меросини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва оммалаштиришда янги уфқларни очиши шубҳасиз. Айниқса, ёшлар орасида маънавият ва маданиятга таҳдидлар кучайган бугунги глобаллашув шароитида асл санъат ва халқ ижодиётини асраб-авайлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чуқур бадиий ижод борган сари ўз ўрнини оммавий маданиятга бўшатиб бермоқда. Шу боис, классик санъат ва халқ оғзаки ижодиёти намуналарини асраш ва уларни асл ҳолида келажак авлодларга етказиш ниҳоятда муҳим вазифага айланди.
Ўзбекистонда халқ оғзаки анъаналарининг ноёб феномени бўлган бахшичилик санъатини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Термиз ва Нукус шаҳарларида махсус бахшичилик мактаблари фаолият юритади. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида бу соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Миллий мусиқа ва фольклор анъаналарини сақлаш мақсадида “Олтин фонд” ташкил этилди ва унга энг яхши бахшилар ижросидаги 10 та достон ва қўшиқлар киритилди. Қолаверса, Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқ санъатини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган доимий анъанага айланди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА