Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озод юртнинг равон йўллари
14:16 / 2015-05-01

“Навоийавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан халқаро аҳамиятга молик йирик магистраль ҳамда ички йўлларни таъмирлаш, янги кўприклар бунёд этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида янги йўл ва кўприклар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, йўл инфратузилмасини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида ички йўллар, давлат ва халқаро аҳамиятдаги йўллар инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, йўловчилар ва транспорт воситалари учун маиший хизмат ва сервис тизими ривожлантирилмоқда.

“Навоийавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан халқаро аҳамиятга молик йирик магистраль ҳамда ички йўлларни таъмирлаш, янги кўприклар бунёд этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда.

– Мамлакатимизда йўлсозликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди корхона директори Шерали Эшонқулов. – Вилоятда йирик йўлсозлик коммуникация ишларини амалга ошириш, жумладан, халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича сўнгги беш йилда салмоқли натижага эришилди. Самарқанд-Ашхобод автомобиль йўлининг 169-174 километрларини ўрта таъмирлаш бўйича бир миллиард 215,4 миллион сўмлик ишлар амалга оширилиб, 5 километр узунликдаги йўл фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Навоий-Учқудуқ автомобиль йўлининг 15-километридаги кўприк таъмирланиб, автомобилларнинг хавфсиз қатнови учун кенг имкониятлар яратилди.

Вилоятнинг Кармана тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 магистрали мамлакатимизни бошқа давлатлар билан боғловчи муҳим коммуникация тармоғидир. Интермодал логистика маркази, Навоий халқаро аэропорти, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси шу йўл бўйида жойлашган. Мазкур магистраль атрофида замонавий инфратузилма иншоотлари, хусусан, автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, турли савдо дўконлари, ошхона ва меҳмонхоналар фаолиятини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда йўлсозлик борасидаги йирик лойиҳалардан бири Навоий-Нурота йўналишидаги Қизилқум халқа йўлининг тубдан реконструкция қилинганидир. Вилоят маркази билан Нурота туманини боғлайдиган йўл қурилишига 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Таъмирлаш жараёнида тоғли ҳудуднинг иқлим шароити алоҳида эътиборга олинди. Йўлнинг дўнглик ва нишаблик даражаси илгаригига нисбатан сезиларли даражада пасайтирилди. 1 минг 383 метрлик хавфли қисмлари чеккасига бетон ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди. Автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш, йўловчи ва ҳайдовчилар учун яратилаётган бундай қулай шароитлардан аҳоли мамнун.

– 45 йил ҳайдовчи бўлиб ишладим, – дейди нуроталик Пардабой Хўжақулов. – Замонавий андозалар асосида қурилган кенг ва равон йўлларни кўриб, тўғриси, ҳавасим келади. Бир пайтлар бу йўллардан юриш жуда машаққат эди. Туман марказидан Навоий шаҳрига икки соатда зўрға етиб борардик. Бирор кор-хол бўлиб, машина йўлда бузилиб қолса борми, кун бўйи ўша ерда қолишга мажбур эдик. Қор-ёмғирли кунларда иложи борича йўлга чиқмасликка ҳаракат қилардик. Мустақиллигимиз шарофати билан йўлларимиз ҳам обод бўлди. Кенг ва равон йўллар манзилимизни яқин қилди, энг муҳими, хавфсизлигимизни таъминлади. Йўл бўйидаги турли хизмат кўрсатиш иншоотларини айтмайсизми?! Ҳеч нарсадан хавотир олмай, хоҳлаган манзилингизга кетаверинг – “юкингиз ерда қолмайди”.

Вилоят ҳудудидаги 3 минг 906 километр халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик йўлларга 8 туман йўл-қурилиш, пудрат-таъмирлаш ва фойдаланиш ҳамда битта кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган пудрат-таъмирлаш корхонаси хизмат кўрсатмоқда.

Йўл қурилишида белгиланган иш меъёрининг барқарорлигини таъминлашда вилоятдаги 7 асфальт-бетон ишлаб чиқариш цехининг фаолияти муҳим ўрин тутади. Кейинги йилларда вилоят йўлсозлари томонидан ички инфратузилмани ривожлантириш, янги ва кенг йўллар барпо этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, янги йўл белгилари ўрнатиш, пиёдалар йўлаклари ва автобекатларни таъмирлаш борасидаги ишлар натижасида йўл- транспорт ҳодисалари сони кескин камаймоқда.

Вилоятда ҳудудларни боғловчи кўприкларни таъмирлаш, янгиларини қуриш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили корхона томонидан қарийб 60 миллиард 934 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Жумладан, Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши автомобиль йўлида қайта қуриш ишларига қарийб 27 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиб, кўркам магистралда автомобиллар қатнови янада яхшиланди.

Мамлакатимизни ободонлаштириш, жумладан, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ишлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилаётир.