Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озод юртнинг обод манзиллари
20:06 / 2023-10-19

Ўз уйингда, маҳаллангда яшаб, давлатнинг меҳрини ҳис этиб, ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб яшаш энг катта бахт. Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Қуйи Чуқурак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқароларнинг кўнглида ана шундай шукроналик туйғуси жўш уряпти.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” дастури доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.    

– “Қуйи Чуқурак” маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, хонадон гигиенаси, ободлиги, саришталиги, тозалиги борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Шофиркон тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Мақсуда Тилавова.  – Жумладан, тумандаги барча туман маҳалла фаоллари бирдамлигида хонадонларга кириб, хонадон бекалари билан  ўзбекона урф–одатларимизга мос равишда хонадонлар тозалиги ва орасталигини таъминлаш борасида суҳбатлар олиб борилди. Бу жараёнда 150 дан ортиқ хонадонларнинг ободонлигига фаолларимиз ўз ҳиссасини қўшди. Кўчалардаги ариқ ва латоклар тозаланди. Манзарали дарахтларга ишлов берилди.  

Маҳалладаги аҳолининг асосий тирикчилик манбаи дала деҳқончилик ишлари ва чорвачилик ҳисобланади. Ҳудудда экин ери 412 гектарни ташкил этади. Шундан 321 гектари фермер хўжалиги тасарруфидаги экин майдони, қолгани томорқа ердир. Албатта, қишлоқ жойида ўз томорқасига эга бўлган оила чорва ва товуқ боқади , – дейди туман ҳокими А. Файзиллоев. – Шу билан рўзғорда сут-қатиққа, гўшт ё тухумга бўлган эҳтиёж қопланади. Маҳаллада жорий йилнинг ўтган даврида 96 нафар эҳтиёжманд фуқарога умумий қиймати 2 миллиард 592 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Уларга субсидия асосида иссиқхона ташкил этишда кўмаклашилди. Ҳунар ўрганишлари орқали бандликлари таъминланди. Якка тартибда ишлаб даромад топишлари учун меҳнат қуроллари, мотокультиватор, пайвандлаш, ўт ўриш ва бошқа таъмирлаш ускуналари, юк мотоцикллари олиб берилди. Камхарж оилалар чеварлари эса замонавий тикув машиналари билан таъминланмоқда.  

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ўтган ойларда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси амалий кўмагида “Бухоро” МЧЖга эҳтиёжманд оилаларнинг 11 нафар фарзанди ишга жойлаштирилган. Қишлоқ аҳолиси саломатлигини асраш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда “Искогаре” оилавий шифохона пункти филиали самарали фаолият юритмоқда. Қарийб 4 минг нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатаётган филиалда зарур бирламчи шароит яратилган. Пунктда аҳоли тиббий кўриги мунтазам ташкил этилади. Шунингдек, хонадонма-хонадон юриш орқали аҳолининг соғлиғи назорат қилиниб, уларга зарур дори воситалари ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.  

Маҳаллада таъмирталаб аҳволда бўлган қарийб 10 километр йўл талаб даражасида қурилмоқда. 2,5 километр йўл асосига шағал ётқизиш, 2,2 километр масофада пиёдалар йўлагини барпо қилиш, деярли 2,3 километр масофага ичимлик суви тармоғини тортиш, мавжуд гидроиншоотни мукаммал таъмирлаб ишга тушириш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, электр энергияси таъминотида кузатилаётган узилишларга барҳам бериш, трансформатор юкламаларини камайтириш мақсадида 4,5 километр масофадаги электр линиясини таъмирлаш, кабелларини янгилаш, 60 та симёғочни темир-бетон устунга алмаштириш, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш каби ишлар авжида.  

[gallery-14112]

Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан маҳаллага 250 киловатт соат қувватга эга трансформатор ўрнатилиб, 2 километр масофадаги электр симлари созланган. Яна 20 тадан ортиқ таянч устунлар тўғриланиб, 5 километр узунликдаги тармоқ дарахт шохларидан тозаланган. Ҳудуддаги 5 та трансформатор жорий таъмирдан чиқарилиб, электр токи таъминоти ва ўтказувчанлиги яхшиланган. Қолаверса, тегишли хизматлар, ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида ҳудуддаги 250 дан ортиқ хонадоннинг ташқи фасади тартибга келтирилган, 2 километр масофадаги ариқ-зовур тозаланган, дарахтларга шакл берилган ва оқланган.  

Мухтасар айтганда бу ишларнинг барчаси одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kf27dbwLtvQ" title="Озод юртнинг обод манзиллари" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео, сурат),

ЎзА мухбирлари.