Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озод ҳаёт саодати ёхуд кўнгил тубидаги жавоҳир
17:16 / 2024-09-03

“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”

Кўнглида Ватанга муҳаббат ҳисси собит инсон борки ўз макони, Она-тупроғини улуғлайди. Қалбдаги шу илиқ туйғу мудом намоён бўлаверади.

Ватан – ҳар саҳар мадҳияси билан уйғонадиган юртим, осмони мусаффо, майсаси муаттар болишим, болалигим югуриб ўтган кўчалар, боболарим Амир Темур, Бобур Мирзо, Улуғбек, Ҳазрат Навоий изи қолган тупроқ. Мен ҳар бир янгилик, ўзгаришни фахр-ифтихор билан каршилайдиган, мард, жасур ўғлони, билимдон, зукко, иболи-ҳаёли кизи билан фахрланадиган жаннатмонанд диёт! Гиёҳи шифобахш, осмони чароғон маъво.

Ҳурлик истаб не-не жадидлар отилди, олис ўлкаларда аёзга жон берди... Эҳхе... шу эрк ва озодлик учун азиз умрини фидо этган озми?! Ниҳоят, адолат тикланди, боболар дуоси ижобат бўлди, Истиклол гули очилди, энг улуғ орзу ушалди.

Муболағасиз, Ўзбекистон дунё харитасида олмос гавҳаридек порлаб турувчи бўстондир. Байрамни муносиб қаршилаш мақсадида Қашқа воҳасининг олис Деҳқонобод ҳудудида, она-қишлоғим “Оқиртма”да бўлдим.

Деҳқонобод... Беҳиштдан узилган бир парча, тоғ билан елкадош, булутга бўйлашган, чавондози донгдор, бахшиси номдор буюк маъво. Бу заминда ҳар фаслнинг ҳузурбахш нафаси ғунчадек ифор таратади.

Субҳи содик лаззати, шу оний лаҳзада зийрак тортган заррин шуъла осмон-у фалакни ёриштириб, дилни мунаввар этади. Сўнгра, олтин ранг сочини патила-патила тараб – товланиб, қуёш жамолини кўрсатади.

Қир-адир от уюми дупури, қўй-қўзи маъраши, қўйчибоннинг “қурей-қурей” садосига тўлади. Ана, ўтовдан чалинаётган дўмбиранинг юракка яқин садоси қулоққа элас-элас эшитиляпти.

Оҳанрабодек ўзига тортаётган “Чўпон чертиш”ни яқинроқдан эшитиш учун ўтов томон юраман.

– Ассалому алайкум! Келинг, бўла, – дейди қабариқ қўлини узатиб Нортожи чўпон.

Салом-аликдан кейин ичкари кирамиз. Тўрда Қодир бахшининг зурриёди Баҳром бахши бўғиқ овозда “Алпомиш”ни куйлаяпти. Қишлоқнинг бошқа оқинлари терма айтиш учун навбат кутиб турибди. Тингловчилар кўзи жиққа ёш.

Дўмбира гумбурлайди. Беихтиёр оҳангга маст бўласиз. Ана Алпомиш Қултой чол қиёфасида Бойсун-Қўнғирот элини оралаяпти. Саҳар-саҳар уйғотган, тол бешикка суянган энажонини йўқлаб турибди.

“Қани, давоми нима бўлар экан?” – дея, нафасингизни қайтармай кутиб қоласиз. Дўмбира яна гумбурлайди.

…Бегим ўлса – бекчам бор,

Журтим эгасиз бўлмайди.

Норим ўлса – норчам бор,

Жуким жерда қолмайди.

Алпомиш қайтди элга,

Душман кўнглинг кулмайди…

Достон, термаларни эшитгач, қалбда минг севинч билан озод ҳаёт саодатини сураётган қишлоқ чўпонига юзланаман. У билан ўзимча суҳбат қургандай бўламан.

– Йил баракали келди, яйловда ўт мўл бўлди, сурувдан тўл зўр тушди, – дейди хуш кайфият билан оқиртмалик Ҳасан Рўзиев. – Худога шукур, ўлкамизда ҳар куни байрам, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч. Яқинда “Open budget”да ҳам ютдик. Энди эски йўлимиз қайтадан асфальтланади. Қишлоғимизда болалар учун янги стадион қурилди. Ўғлим пойтахтга ўқишга кирди.

Ҳа, борига шукур қилиб яшаётган танти эл одамларининг қалби ҳам ўзи каби беғубор, содда.

Дарҳақиқат, тараққиёт сари илдамлаётган юртимнинг бугуни гўзал, эртаси ҳам обод бўлгай. Илло, жаннатмонанд Мустақил Ўзбекистонимизга асло кўз тегмасин. Зеро, биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!

Ўткир Алимов, ЎзА мухбири.