Қозоқ хонандасидан мусиқий гулдаста
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Қозоғистон йили қизиқарли тадбирлар, ранг-баранг концертларга бой бўлмоқда.
Ўзбекистонда Қозоғистон йили
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Қозоғистон йили қизиқарли тадбирлар, ранг-баранг концертларга бой бўлмоқда. Ушбу маданий дастурлар доирасида “Туркистон” санъат саройида Қозоғистон халқ артисти Мақпал Жунусованинг концерт дастури бўлиб ўтди.
Мусиқий тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон давлат филармонияси томонидан ташкиллаштирилди.
Қозоғистоннинг ёрқин эстрада юлдузларидан бири – Мақпал Жунусова қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида мухлисларга энг сара қўшиқларини тақдим этиб келмоқда. Хонанда ўз ижодий фаолияти билан қозоқ миллий қўшиқчилик санъатига катта ҳисса қўшиб келади.
Мақпал Жунусова Қарағанда вилоятидаги катта оиланинг тўнғич фарзанди. Ота-онаси у билан бирга саккиз ўғил-қизни тарбиялаган. Отаси оддий ҳайдовчи, онаси эса уй бекаси эди. Улар фарзандларини меҳнатсевар ва меҳрибон, санъатни, гўзалликни қадрловчи инсонлар этиб камолга етказди. Мақпал уйда катта қиз бўлгани учун ҳам ота-онасининг ёрдамчиси эди. Шу сабаблими, у ғоят масъулиятли, теран фикрловчи, санъатга ошуфта шахс бўлиб вояга етди.
Қизидаги санъатга бўлган меҳрни сезган ота-она Мақпал Жунусовани Олмаотадаги мусиқа интернатига жойлаштиради. У мактаб ёшидан “Козоқконцерт” республика бирлашмасида хонанда бўлиб оммавий тадбирларда, концертларда фаол қатнаша бошлади.
Мақпал Жунусова 1979 йили “Гулдер” ансамблига аъзо бўлади. Олий таълим даргоҳини тамомлаган М.Жунусова ўша даврда собиқ иттифоқ мамлакатларидаги энг яхши ўнта эстрада хонандаси орасидан ўрин олади. Санъаткор Австрия, Венгрия, Германия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Хитой, Швеция, Канада ва бошқа хорижий мамлакатларда ҳам ўз ижодини намойиш этди. Ўзга юрт томошабинларини қозоқ халқ қўшиқ ва куйлари билан яқиндан таништирди. 1989 йили Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист, 1994 йили эса Қозоғистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди.
“Туркистон“ саройида бўлиб ўтган концертда ҳам юртимиз томошабинлари Мақпал Жунусованинг мусиқий гулдастасини жуда илиқ кутиб олди.
– Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик янада кучайсин, мустаҳкам бўлсин, – деди Мақпал Жунусова. – Қардошлик ва яхши қўшнилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бугунги ташкиллаштирилган концертимиз хизмат қилади, деб ўйлайман. Мен ўзбек эстрадасини жуда яхши кўраман. “Ялла“ ансамбли, Юлдуз Усмонова қўшиқларини ёддан биламан ва куйлайман. Биз Қозоғистонга ўзбекистонлик хонандаларни таклиф этамиз. Қозоғистонда ҳам уларнинг мухлислари кўп.
Халқимиз меҳрини қозонган машҳур қўшиқларни томошабинлар санъаткор билан жўрликда куйладилар. Концерт дастури жуда самимий, кўтаринки ва завқли руҳда ўтди.