Қозоғистонда вилоят раҳбарлигига илк бор аёл киши тайинланди
Бу ҳақда мамлакат етакчиси матбуот хизмати маълумотига таяниб, РИА Новости маълум қилган.
Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қизил Ўрда вилояти раҳбар (аким)лигига Гулшара Абдикаликовани тайинлади. Бу ҳақда мамлакат етакчиси матбуот хизмати маълумотига таяниб, РИА Новости маълум қилган.
Президент сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, Давлат раҳбари имзолаган тегишли фармонда “Абдикаликова Гульшара Наушаевна Қизил Ўрда вилояти акими этиб тайинлансин“, – деб ёзилган.
Президент маслаҳатчиси Ерлан Карин ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида қуйидаги фикрларни қолдирган: “Илк бор минтақа раҳбарлигига аёл киши қўйилди. Аввалроқ, Миллий кенгашнинг иккинчи йиғилишида давлат раҳбари партиялар фаоллари таркибининг 30 фоизини аёллар ва ёшлар ташкил этиши лозимлиги бўйича ташаббусни илгари сурганди. Шу тўғридаги қонун лойиҳаси аллақачон тайёрланган ва айни пайт муҳокама қилинмоқда“.
Маълум бўлишича, 54 ёшли Абдикаликова бундан олдин Қозоғистон парламенти қуйи палатаси – Мажилис депутати сифатида фаолият кўрсатган. Турли йилларда Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазири, Президент маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосари, Давлат котиби лавозимларида ишлаган.