Туркий халқларининг ўзига хос анъаналари уйғунлигини айнан янгиланиш ва яшариш айёми - Наврўзи оламда кўришимиз мумкин.
«Qazaqstan» РТРК «Qazaq radiolary» ташаббуси билан Қозоқ радиосининг 100 йиллиги тадбирлари доирасида Наврўз айёмига бағишлаб ўтказилган “Наврўз 2021” тўғридан-тўғри халқаро радиокўприги ҳам бунинг ёрқин исботи бўлди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Мўғилистон, Татаристон радиоканаллари иштирок этди.
Радиокўприкда қардош халқлар журналистлари Наврўз байрами ўз юртларида нишонланиши тарихи, Наврўзнинг ўзига хос удумлари ҳақида сўзлашди. Баҳор, Наврўз васфига бағишланган қўшиқлар эфирга берилди. Бир бирига яқин анъаналар ранг-баранг ёндошувлар билан шарҳланди.
Ушбу “Наврўз 2021” халқаро радиокўприкда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” радиоканали ҳам ўз дастурлари билан қатнашди.
- Умуман, олганда бу каби тадбирлар Наврўзнинг фалсафасига, яъни аҳиллик, ўзаро ҳамкорлик, жипслашув каби умуминсоний қадриятларга ҳамоҳанг, - дейди “Ўзбекистон 24” радиоканали раҳбари Худойназар Дўстқобилов. - Энг муҳими, ушбу “Наврўз 2021” радиокўприги радиоэшитиришлар соҳасидаги ўзаро ижодий ҳамкорликнинг янада ривожида муҳим ўрин тутади.
Кун бўйи байрамона шукуҳ бир эмас, бир неча радиолар эфирларида ҳукм сурди. Бу ҳам тингловчиларни ҳам ижодкорларни руҳлантирди. Бир-бирига яқин бўлган қардош халқларни ғойибона бирлаштирди. Янгиланиш айёми кайфиятини улашди.