Бугун, 31 май куни “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдан ташқари VIII съезди бўлиб ўтди.
Унда 2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни кўрсатиш, партия Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Марказий кенгаш аъзоларининг янги таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Съездда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. Съездда сўз олганлар “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий мақсадларининг амалга ошиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев фаолияти билан чамбарчас боғлиқлигини алоҳида эътироф этди.
Биринчидан, охирги 6 йилда партия дастурий мақсад вазифаларининг асосий қисми бевосита давлат раҳбарининг фаолияти натижаси ўлароқ амалга оширилгани таъкидланди. Партия олдига қўйган дастурий мақсадлари сифатида белгилаб олган ва ижроси таъминланган 237 та мақсаддан 143 таси бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қарор ва кўрсатмалари асосида амалга оширилган.
Иккинчидан, партия устувор вазифалари ҳисобланган она тилимиз, миллий тарихимиз, маданиятимиз ва меросимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш масаласида Шавкат Миромоновични жонкуярлиги, кенг қамровли ислоҳотчи, миллатпарвар инсонлиги кўрсатиб ўтилди.
Оила институтини жамиятнинг асосий бўғини сифатида мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам том маънода ижобий ўзгаришлар амалга ошириляпти. Шу билан бирга, миллий ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланиб, иқтисодиётимиз сезиларли даражада ривожланди, ялпи ички маҳсулот ҳажми эса илк бор 80 миллиард доллардан ошди.
Яна бир муҳим омил: 2023 йилда туризм хизматлари экспорти, 2017 йилга нисбатан 3 баробарга ошиб, 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. 2016 йилгача юртимизга хорижий ташриф буюрувчилар сонининг ўсиш суръати ўртача йиллик 8 фоизни ташкил қилган бўлса, 2022 йилда хорижий туристлар 2021 йилга нисбатан 3 баробарга ошиб, 5,2 миллион нафарга етган.
Учинчидан, ҳар қандай миллатнинг ривожланиши таълим тизимига, унинг сифатига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, съездда сўз олганлар Шавкат Миромонович томонидан мактабгача таълим тизимидан бошлаб, олий ва ундан кейинги таълимни ривожлантиришда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.
Ўтган йиллар давомида мактабгача таълим тизими, мактаб ва олий таълим тубдан ислоҳ қилинди. Натижада, мамлакатда инсон камолоти учун зарур шарт-шароитлар яратилди. 2017 йилда мактабгача ёшдаги болаларнинг 18-20 фоизи боғчаларга қамраб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 70 фоиздан ошди.
Умумтаълим мактабларида эса таълим дастури тубдан ўзгарди. Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари ташкил этилди. Биргина ўтган йили 3,2 триллион сўмга 807 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 40 фоизга ошди. Бошқача айтганда бугун 1,3 миллиондан ортиқ ёш олийгоҳларда таҳсил ола бошлади.
Айнан амалдаги Президент ташаббуси билан Ўзбекистон “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” тамойили асосида юртимиз тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига қадам ташламоқда.
Тўртинчидан, амалдаги Президент миллатимизни, давлатимизни, нафақат ривожлантиришда, балки суверен давлат сифатида халқаро нуфузини оширишда беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистонни нафақат қўшни давлатлар, балки бутун жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Бешинчидан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистон Либерал демократик партияси билан биргаликда кўпдан бери ўз сиёсий мақсадларни амалга ошириш учун ҳамкорлик қилиб келгани, кўп йиллар парламентда “Демократик кучлар блоки”да биргаликда фаолият юритгани қайд этилди. Ҳамкорликдаги фаолият натижасида 2022 йилда мамлакатда конституциявий ислоҳотлар ҳақида ташаббус илгари сурилди. Ташаббус парламент палаталари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Мамлакатимиз тарихида илк бор, юқори даражадаги фаоллик билан янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди. Ушбу Конституцияни “Халқ конституцияси”, деб аташ баробарида уни “миллий руҳимизни баланд кўтарган, қадриятларимизни қадрлаган Конституция”, деб ҳам айтиш учун асос бор.
Съездда “Миллий тикланиш” демократик партияси албатта, бу каби улкан ислоҳотларни, ҳар бир инсон ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келган ишларни давом эттириши тарафдори эканлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, съезд делегатлари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига миллий юксалишни амалда таъминлаётган, миллат ва Ватанга садоқати ҳамда халқпарварлигини исбот қилган давлат раҳбари – Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистон Либерал демократик партияси билан биргаликда қўллаб-қувватлаши бўйича якдил фикрга келдилар.
Съездда сайловолди кампанияси даврида номзодни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор вазифалар белгиланиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА