“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025 йил фаолияти якуни бўйича маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот йилида фракция томонидан 2 та қонун лойиҳаси қуйи палатага киритилган, яна 12 тасига ҳамташаббуслик қилинди. Жумладан, жамиятнинг барча жабҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти эркинлиги кафолатини тўлиқ таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
[gallery-27354]
Тергов ҳибсхоналарида ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахсларга ишланмайдиган байрам кунларида қўшимча имтиёзлар бериш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш учун рухсат этилган сумма миқдорини ошириш мақсадида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида ҳам ҳамташаббус бўлинди.
Фракция ташаббуси билан ўтказилган “Ҳукумат соати”да мансабдорлар ахбороти, ҳисоботи эшитилди. Вазирлик ва идораларга 31 та “Депутатлик сўрови” юборилди.
Жойларда ташкил этилган “Сайёр қабул”ларда 2 минг 165 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, 720 таси ижобий ҳал этилди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тегишли ташкилотларга 3 минг 451 та депутат сўрови юборилиб, 2 минг 942 таси ижобий ҳал этилди. 398 тасининг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Сўровларнинг 47 таси жавоби кечиктириб юборилган бўлса, 70 тасига умуман жавоб қайтарилмаган.
Партиянинг ўқув-тадқиқот ва таҳлил маркази томонидан фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган 14 та ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Партиявий лойиҳа – “Хизмат – беминнат” доирасида мингга яқин ўқув курслари ташкил қилиниб, 1 минг 199 нафар ёш қўшимча бепул таълимга, 2 минг 844 нафар хотин-қиз эса касб-ҳунарга йўналтирилди. Натижада 259 нафар аёл ўз мустақил фаолиятини йўлга қўйди. 1776 нафарининг эса бандлиги таъминланди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига тегишли жавоблар қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА