Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг навбатдаги VII съезди бўлиб ўтмоқда.
ЎзМТДП Уставида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши белгиланган. Шунга асосан жорий йил 6 август куни бўлиб ўтган партия марказий кенгашининг VII пленумида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ, партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишига ижозат олиш учун Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатлар тақдим этилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан партияга сайловда иштирок этишга рухсат бериш тўғрисида қарори қабул қилиниб, рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари топширилди.
Ўз муддатларида Президентликка бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчи имзолар тўпланди.
Делегатлар партиянинг VII пленумида съездда кўриб чиқиш учун тавсия этилган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Қодиров Алишер Келдиевични партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида тасдиқлаган эдилар.
[gallery-3597]
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловчилар эътиборига ҳавола этадиган Сайловолди дастури муҳим аҳамият касб этади. Сайловолди дастур Ватанимиз ва халқимиз манфаатларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айни пайтда бўлиб ўтаётган съездда Президентликка номзод Алишер Қодиров делегатларни Сайловолди дастури билан таништирмоқда.
Мазкур сайловда номзоднинг бош шиори “Миллий қадриятларга таянган тараққиёт!” экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Сайловолди дастурнинг умумий қоидалари миллий қадриятлар, маданий бойликларни асраб-авайлаш, давлат тилининг мавқеини кўтариш, тарихий анъаналаримизни изчил тарғиб қилиш асосида Ўзбекистон халқининг миллий давлатчилик тараққиётини таъминлаш ва жамиятда миллий ўзликнинг юксалишига эришишдан иборатдир.
Шу билан бирга, номзод сиёсий соҳада миллий анъана ва қадриятларимизни эъзозлайдиган, миллатпарвар ва фидойи, ҳалол ва ўз бурчига садоқатли шахсларни тарбиялаш тарафдори эканлигини маълум қилди.
ЎзМТДПнинг съезди давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА