Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзМТДП: китоблар таннархини тушириш учун солиқ имтиёзлари бериш лозим
14:06 / 2024-10-14

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 140 дан ортиқ нашриёт ва 450 дан ортиқ китоб дўконлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг кўпчилигида моддий-техник таъминот етарли даражада эмаслиги китоблар сони ва сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, қўшилган қиймат солиғи қўлланилиши китобларнинг таннархи ошишига ва ўз навбатида, уларнинг сотилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Китобхонликни рағбатлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилаётган бир пайтда «Миллий тикланиш» демократик партияси китоблар харидини кенгайтиришда таннархни тушириш муҳим омиллардан бири, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия  китоб ишлаб чиқариш ва унинг сотилишида қўлланиладиган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзларни жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда.  

Маълумки, солиқ имтиёзлари берилиши ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали усулларидан биридир. Бу борада 79 та хорижий давлат тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра, 31 давлатда ҚҚС умуман қўлланилмайди. 30 дан ортиғида китоблар учун махсус жорий этилган ҚҚС ставкаси амалдаги ставкалардан кам, 17 давлатда эса амалдаги ставкалар билан бир хил белгиланган. 79 давлатда китоблар учун жорий этилган ўртача ҚҚС фоизи 5,75 фоизни, электрон китоблар учун 12,25 фоизни ташкил этади.   

Бир сўз билан айтганда, «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан илгари сурилган ушбу таклифнинг амалга ошиши китобхонлик кўламини, сифатли китоб ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга ва замонавий, етук кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. Зеро, инсон маънавиятини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс экан, сифатли ва ҳамёнбоп китоблар чиқариш масаласига ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади.   

Партиянинг ушбу ташаббуси тарғибот тадбирларида зиёлилар ва китобхон сайловчилар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА