Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзМТДП брифинг ўтказди
15:57 / 2024-10-10

Айни кунларда барча сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқоти тадбирлари қизғин олиб борилмоқда. Бунинг учун барча партияларга тенг шароитлар, имкониятлар яратилган.

Жумладан, пойтахтимизда ташкил этилган “Debat Xoll” медиа марказида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида қизғин мунозара ва дебатлар ўтказилиб, сайловчиларга кенг маълумотлар тақдим этилмоқда.   

Бугун мазкур медиа марказда “Миллий тикланиш” демократик  партияси брифинг ўтказди. Унда партиянинг ахборот сиёсати бўйича раис ўринбосари Умида Раҳмонова партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури мазмун-моҳияти, унда илгари сурилаётган йўналишлар бўйича ҳисобот берди.   

Қайд этилганидек, партия Сайловолди дастурида 7 йўналиш бўйича 100дан ортиқ мақсадлар белгилаб олинган. Жумладан, давлат тили ҳақидаги қоидаларни бузганларни жазолаш, аёлларни ўз хоҳишига кўра ҳарбий хизматга боришини жорий қилиш таклиф қилинмоқда. Партия тиббий ёрдам кўрсатмаслик, нотўғри ташхис қўйганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласини қўллаб-қувватлайди.   

Шунингдек, дастурда «Янги авлод тарбиячи ва педагогларини тайёрлаш Давлат дастури»ни қабул қилиш, мактабларга педагогларни танлов асосида ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини амалга ошириш, ўқитувчилар фаолиятига баҳо беришнинг видеокузатувга таянган рейтинг баллари асосида ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш каби таклифлар белгиланган.   

Бундан ташқари, брифингда партиянинг янги Сайловолди дастурида маданий мерос объектларини асраш, уларни ижарага бериш тизимини тартибга солиш долзарб ташаббуслардан бири сифатида илгари сурилаётгани қайд этилди. Партия тарихимизни, маънавиятимизни пулламаслик, тарихий обидаларни қурбон қилмаслик керак, деб ҳисоблайди.   

Шунингдек, партия дастурида дори воситаларининг рекламасини чеклаш ҳам назарда тутилган бўлиб, ушбу ташаббуснинг моҳияти тушунтирилди.   

М.Комилова, ЎзА