“Маҳаллабай” тизими – аҳоли билан ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир.
Мазкур тизим асосида халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароити янада яхшиланмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Бухоро вилояти филиали ходимлари ҳам «маҳаллабай» тизими асосида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, Когон туманининг 23 та маҳаллаларидаги 17 мингдан зиёд оилалар ҳолати ўрганилди. Керакли ёрдам кўрсатиш мақсадида уларга 28 нафар тадбиркор бириктирилди. Барча маҳалларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга оид маълумотлар янгиланди. Мезонларга тўғри келмайдиган оилалар рўйхатдан чиқарилди. Банк ходимлари фуқароларни бичиш-тикиш, қандолатчилик ва бошқа касб-ҳунарларга ўқитиш курсларига жалб қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида янги бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, маҳаллаларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётир.
Масалан, Чолоки маҳалла фуқароси, “Аёллар дафтари”га киритилган уй бекаси Нодира Холмуродова банкдан олган кредит ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. У оилавий бюджетига ўз ҳиссасини қўшаётганидан мамнун.
– Саломатлигимнинг ёмонлашгани сабабли мени “Аёллар дафтари”га киритишган эди, – дейди Нодира Холмуродова. –– “Ўзмиллийбанк”нинг вилояти филиали тикув машинаси харид қилиш учун кредит ажратиб менга кўмаклашди. Уй ишларидан бўш вақтимда хотин-қизлар учун либос тикаман, бу жуда даромадли касб. Бундан ташқари, иссиқхона учун ҳам ёрдам кўрсатилди. Насиб этса, бу ерда экилган картошка, редиска, кўкатлардан яхши ҳосил оламан.
Аҳоли билан ишлаш жараёнида ҳамюртларимизга 597 бош қорамол, 65 минг 600 бош уй паррандаси, 4000 та кўчат ҳамда 249,5 сотих ерда иссиқхона ташкил этиш учун 14,9 миллиард сўм кредит маблағи кераклиги маълум бўлди.
– Маҳалламиздаги 502 та хонадонда 2531 нафар киши истиқомат қилади, 665 та уй хўжалиги бор, – дейди Когон тумани “Чолоки” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мирзоҳид Бердиев. – 36 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га, 59 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га, икки нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилган. “Ўзмиллийбанк” АЖ вилоят филиали томонидан маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 33 миллион сўмдан кредит ажратилди. Уларнинг танлаган йўналиши бўйича ўз бизнесини ташкил этишига ёрдам кўрсатилди.
– Маҳалламиздаги 609 та уйда 619 оила яшайди. Бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖ ходимлари аҳолининг барча муаммоларидан хабардор. Улар аҳолига зарур ёрдамни кўрсатишмоқда, – дейди Когон шаҳар «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Муҳаббат Шомуродова, – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган фуқаролар билан самарали иш олиб борилмоқда. “Темир дафтар”га киритилган бир ҳамюртимиз доимий иш билан таъминланди, яна бир уй бекасига кредитга тикув машинасини харид қилиш учун ёрдам кўрсатилди.
Банк ва ҳамкор ташкилотлар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида меҳр-шафқат ва ёрдам акциялари ўтказилмоқда. “Маҳаллабай” тизими асосида 80 нафар фуқарога 1600 бош уй паррандаси, 2 та тикув машинаси тақдим этилди, 184 нафар ҳамюртимизга иссиқхоналар ташкил этиш учун ёрдам кўрсатилди, 66 нафар кишининг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларга бириктирилган банк ходимлари томонидан 268 та бўш турган бинолар ҳолати ўрганилмоқда. Шулардан 84 таси 74 нафар тадбиркорга берилди. Улар томонидан амалга ошириладиган 96,3 миллиард сўмлик лойиҳалар доирасида 478 та янги иш ўрни яратилади.
Шу билан “маҳаллабай” тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар тўхтаб қолмайди. “Ўзмиллийбанк” АЖ Бухоро вилояти филиали ходимлари бундан кейин ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолига керакли ёрдам кўрсатишни давом эттиради.
“Ўзмиллийбанк” АЖ,
Матбуот хизмати