9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Ўзмиллийбанк” АЖ Бош офисида “Коррупция-тараққиёт кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамият учун хавфли бўлган, ижтимоий иллат саналган коррупциянинг туб моҳияти тушунтирилиб, уни олдини олиш борасидаги ҳуқуқий асослар ҳақида батафсил маълумот берилди.
–Мазкур мавзу юзасидан “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ҳамкорликда тадбирлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиб келамиз, – дейди Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази бошлиғи Худойберди Турсунбеков. – Бугунги тадбиримизда ҳам айнан коррупция ва уни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда оқибатлар, ушбу жиноятни содир этганлик учун қўлланиладиган жазо чоралари хусусида сўз юритилди. Қолаверса, мансабдор шахслар ва ходимлар томонидан банк мижозлари билан муносабатга киришганда йўл қўйиши мумкин бўлган айрим ноқонуний ҳолатлар таҳлил этилиб, бу борада огоҳликка чақирилди.

Шунингдек, учрашув давомида юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, норматив ҳуқуқий асосларнинг такомиллаштирилаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Айтиш жоиз, бу каби давра суҳбатлари банк ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

–Ушбу давра суҳбати мен каби аксарият ёш ходимлар учун айни муддао бўлди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ ходими Заҳириддин Умаров. – Қолаверса, мазкур йўналишда банкимизда мунтазам равишда ўқув курслари ҳамда тренинглар ўтказилиб келинади. Бу эса коррупция билан боғлиқ иллатларни бартараф этиш ҳамда уни олдини олишда билим, кўникмаларимизни оширмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш зарур, “Ўзмиллийбанк” АЖ коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими “ISO 37001” халқаро сертификатини қўлга киритган бўлиб, бу ташкилотнинг коррупциясиз соҳа лойиҳаси доирасида қилинаётган ишларнинг самарасидан далолат.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати