Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзмиллийбанк”АЖ: ҳар бир тадбиркор ўз брендига эга бўлиши керак
11:40 / 2023-09-21

Халқимиз бунёдкорлик ва яратувчанликни яхши кўради. Шу боис ёз ва куз мавсуми ўзбек хонадонларида янгидан қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан қизғин ўтади. Ўз ўзидан бу аҳоли орасида арзон ва сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжни оширади.

“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “New Best Style” МЧЖга қарашли гулқоғоз ишлаб чиқариш заводи ҳам Ўзмиллийбанкнинг Ҳазорасп банк хизматлари маркази билан доимий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ушбу корхона ўз фаолиятини 2019 йилда бошлаган. Бугунги кунда 100 дан ортиқ дизайндаги гулқоғозларни ишлаб чиқармоқда. Мазкур лойиҳа учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 37 миллиард 72 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати – 66 миллиард 765 миллион сўмни ташкил этади. 

– Иш фаолиятимизни 2020 йил январь ойида бошладик, – дейди “New Best Style” МЧЖнинг иш бошқарувчиси Равшан Отажонов. – Ишлаб чиқариш жараёни уч босқичда ташкил этилди. Биринчи босқич учун 3,2 миллиард сўм сарфланган бўлса, шундан 1,2 миллиард сўми “Ўзмиллийбанк” АЖ маблағлари ҳисобига тўғри келади. Биринчи босқич бўйича корхонанинг йиллик қуввати 650 минг дона гулқоғоз бўлиб ўша пайтда 40 та ходим фаолият кўрсатган. Маҳсулотларимизнинг 90 фоизи маҳаллий бозорга тақдим этилган. Ва биз тўртта қўшни давлатлар билан экспорт бўйича шартномалар имзоладик. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 3 миллион АҚШ долларидан иборат. Шундан 1 миллион 336 минг АҚШ доллари Ўзмиллийбанк ҳисобига тўғри келади. Мазкур кредит маблағлари корхонани жиҳозлашга сарфланиб, Хитой давлатидан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. Қўшимча 80 та янги иш ўрни яратилди. Иккинчи лойиҳа бўйича йиллик ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ошди. Энг асосийси, нафақат ишлаб чиқариш ҳажми, шунингдек, корхона маҳсулотларининг экспорт географияси ҳам кенгайди. Аввалига Ўрта Осиё давлатлари билан шартнома тузилган бўлса, кейинчалик, Россия, Белорусь, Озарбайжон, Арманистон каби давлатларга маҳсулот етказиб бериш йўлга қўйилди. 

Жорий йилнинг август ойида заводда яна бир жиддий лойиҳа яъни учинчи босқич амалга оширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллион доллардан иборат бўлиб, шундан 2 миллионга яқини кредит маблағларига тўғри келади. Янги лойиҳанинг ишга тушиши билан яна 30 та ходим ишга олинди. Умумий ҳисобда корхонада 210 нафар ишчи ходим фаолият олиб бормоқда. 

– Маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозор учун мўлжалланган. Сабаби ишлаб чиқараётган гулқоғозларимизга маҳаллий аҳолининг талаби катта. Аммо биз экспорт борасида ҳам ўз олдимизга режа қўйганмиз. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, корхона 2022 йилда 6,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотларни экспорт қилган бўлса, 2023 йилга келиб экспорт ҳажмини 8, 5 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Яна бир муҳим жиҳат эса ҳозирда маҳаллийлаштириш дастури бўйича иш олиб боряпмиз. Боиси маҳсулотни ишлаб чиқаришда 30 фоизга яқин хомашё ўзимиздан, қолган 65 фоизи четдан кириб келади. Агар биз хом ашёни ҳам ўзимизда етиштирадиган бўлсак бу корхона ривожига, маҳсулотларнинг эса ҳамёнбоп бўлишига жуда катта таъсир кўрсатади. 

Таъкидлаш керак, корхона маҳсулотларини “МАХ DEСOR” ва “DILMAX” бренди остида ишлаб чиқармоқда. Тадбиркорнинг режаларидан бири Европа бозорида ўз ўрнига ва шахсий брендига эга бўлиш. Хай-тек, шарқона ва аралаш услубда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дизайн жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам харидорлар талабига мос. Энг аҳамиятлиси корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ўзимизнинг иқлим шароитга тўлиқ мос. Бу эса унинг сифат борасидаги энг катта ютуғи. 

Хулоса қилиб айтганда, Ўзмиллийбанк Хоразм вилоятида ҳам истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Асосий мақсад эса янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини янада оширишдан иборат. 

Реклама ҳуқуқи асосида

“Ўзмиллийбанк” АЖ 

Матбуот хизмати