“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг Денов филиали биноси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Денов филиали 1997 йилда дастлаб 14 нафар ходим билан иш бошлаган эди. Айни пайтда 51 нафар ходим ишлаётган банк филиалининг биноси қайта таъмирланиб замонавий жиҳозланди. Денов, Олтинсой ва Сариосиё туманлари аҳолиси, хорижлик меҳмон ва инвесторлар, йирик тадбиркорлик субъектларига банк хизматлари кўрсатаётган филиалда мижозлар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган.
Филиалнинг самарали фаолияти ва имтиёзли кредитлари эвазига интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат курсатиш марказлари, умумий овкатланиш масканлари ташкил этилган. Умумий маънода охирги уч йилда вилоятда 18 дан ортиқ йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари молиялаштирилган. Натижада 1 минг 450 нафардан зиёд фуқаро иш билан таъминланган.
Айни пайтда филиал жами 64,8 мингта мижозга хизмат кўрсатмоқда. Шундан 59,5 мингтаси жисмоний, 5,2 мингтаси юридик шахслардир. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 27,3 миллиард сўмни ташкил этади.
Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 5 та банкомат, 2 та инфокиоска, 892 та савдо терминаллари дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайлик яратиш мақсадида шахар ҳудудида 1 та валюта айирбошлаш шахобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 2 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) шахар ва туман фуқароларига ҳамда ташриф буюрган меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, банк филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банк мижозларининг 74 фоизи масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланаётир. Бунда ҳисоб рақамларда банк айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда хар қандай банк амалиётлари ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш амалиётлари, хорижий валюталарда конверцион амалиётлар, пул ўтказмалари каби банк хизматларидан масофадан фойдаланиш мумкин.
Денов тумани саноат, тўқимачилик, текстил маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда боғдорчиликка ихтисослашган. Бугунги кунда кичик саноат зоналари вилоятнинг асосий драйвери ҳисобланади. Туман иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши ҳам йилдан йилга ортмоқда. Келгусида ҳудудда яна юзлаб янги хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш кўзда тутилган.
Президентимиз жорий йил Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор топшириқ берган эди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида Денов туманида йирик “Denov Tekstil Klaster” ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси ташкил этилди.
– Фабриканинг жами лойиҳа қиймати 22,8 миллион АҚШ долларга тенг, – дейди “Denov Tekstil Klaster” ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси таъсисчиси Камолиддин Саидов. – Лойиҳани амалга оширилишида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ажратилган 12 миллион 600 АҚШ доллари миқдоридаги кредит жуда қўл келди. Швецария, Япония ва Туркия давлатларидан замонавий асбоб-уснуналар олиб келиб ўрнатилди. Бу ишлаб чиқариш ҳажми ошириш ва маҳсулот сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётир. Энг асосийси лойиҳанинг дастлабки босқичида 300 нафарга яқин янги иш ўрни яратилди.
[gallery-4587]
“Ўзмиллийбанк” АЖ матбуот хизмати,
ЎзА